Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони имзоланди.
Мазкур ҳужжат 2018 йилнинг 1 январидан солиқ маъмурчилигининг янги механизмларини жорий қилишни кўзда тутади.
Хусусан, келаси йилдан мамлакатда:
1 – солиқ назоратининг замонавий шакли – солиқ мониторинги жорий этилади. У
солиқ органлари ва ҳалол солиқ тўловчилар ўртасида уларга жорий солиқ солиш масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутади;
2 – йирик солиқ тўловчилар бўйича солиқ маъмуриятчилиги функциялари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари томонидан амалга оширилади;
3 – вақтинчалик молиявий қийинчиликларга тўқнаш келган ҳалол солиқ тўловчилар – хўжалик юритувчи субъектларга солиқ таътиллари берилиши мумкин;
4 – камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар юзасидан солиқ тўловчилар томонидан асослар тақдим этилмаган тақдирда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларини суд тартибида ундириш жорий этилади;
5 – ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қайтариш ёки ҳисобга олиш солиқ тўловчи ваколатли органларга мурожаат этган санадан бошлаб 15 иш куни ичида амалга оширилади;
6 – солиқ органларига кирим ҳужжатларини расмийлаштирмасдан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақлари бўйича операцияларини 5 банк кунигача бўлган муддатга вақтинчалик тўхтатиб туриш ваколати берилмоқда;
7 – Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида онлайн НКМларини қўллаш орқали нақд пул тушуми устидан автоматлаштирилган назорат тизими жорий этилади, республиканинг қолган ҳудудларида мазкур тизим босқичма-босқич киритилади;















