Спорт | 16:10 / 20.07.2017
42253
3 дақиқада ўқилади

Одил Аҳмедов: «Навбаҳор»га ёрдам бердим, энди эса уларга керак бўлмай қолдим»

Ўзбекистон терма жамоаси ва Хитойнинг «Шангҳай СИПГ» клуби яримҳимоячиси Одил Аҳмедов ўзи туғилиб ўсган Наманган шаҳри футболи, ташкил этган академиясида амалга ошираётган ишлари ҳақида гапириб ўтди.

— Наманганда яна ёшлар футболи қайта оёққа тураётганини эшитаётган жуда кўплаб ҳамшаҳарларимдан нафақат наманганликлар, балки водий аҳлидан жуда кўплаб хатлар оляпман. «Навбаҳор»га сайланган янги президент Шавкатжон Абдураззоқовни клуб ўринбосарлари учун алоҳида шароит яратиб берганини эшитиб хурсанд бўлдим. Чунки бу бизнинг ишимизни енгиллаштиради, спорт коллежидан яхши болаларни етиштириб бериб турсак, ўринбосарлар таркиби орқали ё уни бош жамоага ёки четга чиқариш билан шуғулланамиз. Шунинг учун ҳам ўринбосарларга бўлган эътибор жуда муҳим. То жамоа ўз ўринбосарларига жиддий эътибор қаратмас экан, четдан келган футболчилар ҳозир жамоани эмас, ўзини ўйлайдиган бўлиб қолган. Тез кунларда хорижлик ҳамкорларимиз билан мураббийлар малакасини ошириш борасида иш бошлаймиз.

— Мавсум бошида «Навбаҳор»да сизнинг ҳиссангиз ҳақида гап-сўзлар чиққан эди?
— Мен бу йил жамоага ростмана ёрдам бермоқчи эдим. Ўтган йил якунида жамоа қийин аҳволга тушиб қолди, ўшанда қўлдан келган ёрдамимни бердим. Якунда жамоа олий лигада қолгач, мен керак бўлмай қолдим. Майли, бунга қаршилигим йўқ. Лекин нима ўзгарди? Мўминжонов менга ёшларга эътибор қаратишни ваъда берганди, аммо якунда рулни ўз қўлига ола бошлади, худдики барча ишни у қилгандек. Бемалол ишлайверсин. Лекин яна бир бор айтаман, Наманган футболини карвонсарой қилишмасин.

Бизга ҳар доим 2-3 футболчини кашф қилиб берадиган мураббийлар керак. Мўминжонов клубда яна қанча ишлайди билмайман, аммо ишни кечиктирмасдан ёшларга урғу беришимиз керак, бошқа гап-сўз бўлиши мумкин эмас, деган Аҳмедов сhampionat.asia сайтига берган интервьюсида.

Мавзуга оид