Бозорларимизда кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган гўшт маҳсулоти нархининг ошиб кетиши, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Вилоят ҳокимликлари ва тегишли мутасадди ташкилотлар ушбу вазиятдан келиб чиқиб, ўз ҳудудларида гўшт маҳсулоти учун ягона нарх белгилаб бераётганидан хабаримиз бор. Хўш, гўштнинг нархини белгилаб бериш билан муаммо ҳал бўляптими?

Мутасаддиларнинг аҳоли муаммосини ҳал этиш учун амалга ошираётган ишларига  раҳмат айтган ҳолда шуни айтиш мумкинки, эркин бозор иқтисодиётида нархни бозор белгилайди. Бизнинг фикримизча, бу йўл билан нарх-навони вақтинча ушлаб туриш имконияти туғилади, холос. Тиббиётда айтилганидек: “Касалликни тузатишни ўзи камлик қилади, балки унинг келиб чиқиш сабаб ва омилларини ўрганиб, бартараф этиш лозим”.

Юртимизнинг турли вилоятларидан сайтимизга келаётган мурожаатларда қатъий белгиланган нархда жуда сифатсиз гўшт сотилаётгани, рисоладагидек маҳсулотнинг нархи эса барибир қиммат эканлиги айтилмоқда.

Бухоро шаҳридан бизга мактуб йўллаган Акмалжон Қудратов бу борада ўз фикрларини қўйидагича баён қилади:

“Бухоро бозорларида гўшт нархи асосан 23 000 сўмдан сотилиши белгиланган бўлсада, гўштнинг сифати ҳамда сотувчиларнинг муомала маданияти назоратга олинмаган. 23 минг сўмдан сотиладиган гўштни олгандан кўра, олмаган дуруст. Сабаби, ўша “арзон гўшт” ориқ ёки қари молларнинг гўшти бўлиб чиқади. Кун.uz сайтида берилаётган мақолаларни доим кузатиб бораман. Гўшт нега қимматлашгани ҳақидаги мақолаларда нархнинг ошишига сабабни озуқа-ем билан боғлиқ эканлиги айтилмоқда. Менимча, гўштнинг қимматлашишига сабаблар жуда кўп. 

Бухорода мол сўйиб сотадиган қассоблар тўлиқ назоратга олинмаган. Бундай дейишга асосим бор. Ҳозирда қассобларни бирлаштирувчи "қассоблар" уюшмаси мавжуд бўлиб, мазкур ташкилот номигагина фаолият юритади. Чунки 2 йил давомида бир бўрдоқи вояга етгунича чорва боққан киши жуда кўп машаққат чекади. Молни семиртириш учун катта маблағ сарфлайди. Лекин молни сўйиб олган қассоб фақат гўштни пулга ҳисоблаб қолган - калла, туёқ, ошқозон, ичак, тери ва ҳоказоларни хизмат ҳақига текинга олади. Бозор нархида ушбу маҳсулотларнинг нархини келтирадиган бўлсак, битта молдан олинадиган калла-поча, туёқ, ошқозон ичаклари билан 150 минг сўм атрофида, тери эса ўлчамига қараб 250 мингдан 500 минг сўмгача сотилиши аниқ.

Кўриниб турибдики, қассоб мол эгасидан текин оладиган юқоридаги маҳсулотлардан 750 минг сўм атрофида яна 150 килограм келадиган мол гўштини ҳар бир килосидан 2 минг сўм атрофида арзон олиши ҳисобига бир миллион сўм фойда қилар экан. Битта қассоб 1 кунда бир миллион сўм фойда қилса-ю, чорвадор 2,5 йилда нисбатан жуда оз фойда қилса, адолатдан эмаску? Нега энди ўша - “Қассоблар уюшмаси” қассобларни назорат қилмайди?