Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш бўйича “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни давлат раҳбари сайтида жойлаштирилган.

Унга кўра, Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Ўзбекистон Рассомлар ижодий бирлашмаси, Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмасининг Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш бўйича “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Фонднинг асосий вазифалари сифатида:

Ўзбекистонда маданият, санъат ва журналистикани ривожлантиришга маблағларни тўплаш ва йўналтириш, тегишли дастур ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш; 

Бастакорлар уюшмаси, Рассомлар ижодий бирлашмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмаси таъминоти ва фаолияти билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш, уларнинг аъзолари бўлган соҳа фахрийларига манзилли моддий ёрдам кўрсатиш;

Фонд томонидан молиялаштирилувчи муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, унинг тасарруфида бўлган кўчмас мулкни бошқариш, Фонднинг маблағларидан унинг устав вазифаларини бажаришда манзилли ва самарали фойдаланиш.

Қарор билан Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш бўйича “Илҳом” жамоат фондининг Васийлик кенгаши таркиби 1-иловага мувофиқ; Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш бўйича “Илҳом” жамоат фондининг ташкилий тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқланди.

Белгиланишича, Фонднинг ижро этувчи органи ижрочи директор бошчилигидаги Ижро дирекцияси бўлиб, у Фонд Васийлик кенгаши томонидан лавозимига тайинланади ва ундан озод этилади.

Фонд Васийлик кенгаши раисига Фонд томонидан молиялаштирилувчи муассасалар раҳбарлари бўйича, ушбу муассасаларнинг тузилмасига ўзгартириш киритиш бўйича таклиф киритиш ҳуқуқи берилди. 

Фонд маблағларини ташкил этиш бўйича манбалар бўйича: 

Фондга Бастакорлар уюшмаси, Рассомлар ижодий бирлашмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмаси ҳудудий бўлинмалари ходимларининг иш ҳақига тўлов қилиш учун ажратилувчи бюджет маблағлари; Фондга берилувчи ижод уйларининг ижарага берилиши, Фонднинг вақтинчалик эркин маблағларини жойлаштириш; юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия маблағлари; қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгиланди.