Қизиқ халқмиз — ким нима деса ишониб кетаверамиз. Орамизда шунақа «ақлли»лар борки уларнинг гапини эшитиб куларингизни ҳам, йиғларингизни ҳам билмайсиз. Уларнинг ўша эшитганда на кулиб ва на йиғлаб бўлмайдиган гапини тагини суриштирсангиз уйдаги хотинлардан эшитган бўп чиқадилар.

Охирги пайтларда «қора бозор»да доллар курсининг сўмга нисбатан кескин ошишини кимлардир яқинда янги чиққан 10.000 сўмлик купюрани чиққанига боғлади. Аслида ҳам шундайми?

Ёки кўпинча «фалон сўм қийматидаги янги купюра чиқармиш» деб овоза бўлгандан «ҳеҳ, бекор чиқаришаяпти-да шу пулни, энди нарх-наволар ошиб кетади», деган гаплар урчиб қолади. Нарх-наволарнинг ошиб кетишига янги қийматда чиқаётган купюра сабаб бўладими? Йўқ, асло!

Чунки нарх-наволарнинг ошишига янги купюра эмас, балки долларнинг сўмдаги қиймати ошиб боравериши сабаб бўлади. Доллар курси ошиб кетаверишига эса мамлакатимизга кириб келаётган валютадан чиқиб кетаётган долларнинг кўплиги сабаб бўлади. Тўғри, баъзи давлатлар ўз экспорт салоҳиятини ошириш учун долларнинг ўз миллий валюталарига бўлган қийматини ўзлари онгли равишда ҳам оширишади. Бу иқтисод тилида «девальвация» дейилади. (Янгиликларни кузатиб борсангиз охирги йилларда Хитой шу усулни кўпроқ қўлламоқда.)

Аммо биздаги ҳолат девальвация эмас. Чунки девальвация қилинганда курс бирданига кескин оширилмай аста-секинлик билан оширилади. Биздаги ҳолат доллар тақчиллиги юзасидан келиб чиқаяпти.

Узоққа бормайлик, автосаноатимизни олайлик. Бундан уч-тўрт йил олдин ишлаб чиқарилган машиналаримизнинг 60-70 фоизи экспортга чиқарилар эди. Бу экспорт ортидан мамлакатимизга анчагина валюта кириб келарди. Ҳозир эса Россиядаги, Қозоғистондаги, Украинадаги иқтисодий инқирозлар бизнинг автоэкспорт салоҳиятимизни пасайтириб ташлади ва бу иш мамлакатимизга кириб келадиган валюта тушумининг кескин камайишига сабаб бўлди.

Биздаги валюта тақчиллигига оид яна бир омил бу — иқтисодий инқироз туфайли биздан Россияга ишга борадиган меҳнат муҳожирларининг сони камайди. Россиядан пул олиб кела олишига ишончи бўлмаган кўплаб юртдошларимиз энди уёққа ишга бормаяптилар. Борганлари ҳам уйга тузук-қуруқ пул жўната олмаяптилар. Бунинг натижасида, мамлакатимизга кириб келган миллиардлаб долларларнинг чўғи камайди ва бу ҳам биздаги доллар тақчиллигига ўз ҳиссасини қўшди.

Яна бир сабаб — ҳўл ва қуруқ меваларимизга, сабзавотларимизга асосий харидорлар Россия, Қозоғистон ва Украина эди. 2014 йилда Россия ва Украина ўртасида келиб чиққан можаролар алал-оқибат Украина иқтисодини батамом фалажлаб ташлади. Россия иқтисодиёти эса турғунлашди, Қозоғистоннинг иқтисодиёти эса Россияга чамбарчас боғлиқлиги сабаб у ҳам пасая бошлади ва буларнинг ҳаммаси йиғилиб, бу давлатларга қилаётган экспортимизга таъсир кўрсатди. Улар энди олдингидан анча кам маҳсулот ола бошладилар. Бу ҳам кириб келаётган валютанинг салмоғига салбий таъсир кўрсатди.