Ўзбекистон лотин алифбосида қолгани яхшими ёки кирилл алифбосига қайтиш керакми? Айни вақтда ўзбекистонликлар шу мавзуни кенг муҳокама қилмоқда. Лотин алифбоси тарафдорларидан яна бири Отабек Умаров фейсбукдаги саҳифасида кирилл алифбосига қайтиш ёқлаб чиқилган мақолага раддия ёзди.

Яна Жапақовга

Мирзабек Жапақовнинг «Аросатда қолган лотин ёзувими ёки муаммосиз кирилл» сарлавҳали мақоласи sharh.uz сайтида эълон қилингач, бу мақолада келтирилган иддаоларнинг асоссизлиги, фактларни ва воқеликни бузиб кўрсатилиши бир қатор журналистлар ҳамда тилшунослар томонидан билдирилган ўринли танқидларга учради. 

Бироқ Мирзабек Жапақов бу танқидлардан тегишли хулоса чиқармаган ва олдинги мақоласида келтирилган иддаоларига муносиб жавоб берилган мақолаларни етарли даражада эътибор билан ўқиб чиқмаган шекилли, ўша сайтда юзаки қараш ҳамда муаллифнинг ўта субъектив ўйларига, асослаб берилмаган гапларга тўла яна битта мақоласини эълон қилибди ва унга «Аччиқ ҳақиқат ёки бўғзимизгача берилган зарба» дея баландпарвоз сарлавҳа қўйди. Бу билан муаллиф ёзганлари ўзига хос услубда номланган тилшунос Элдар Асановнинг «Биринчи зарбада тиззаларигача, иккинчи зарбада белларигача» мақоласига жавоб эканлигини билдирмоқчи бўлди. Бироқ Жапақов ёзганларини ўқиб чиқсангиз, на Элдар Асановнинг мақолани номлаш услубини кўчиришни, на тузук бир раддия ёзишни эплагамаганини кўрамиз. Чунки, Мирзабек Жапақов ушбу мақоласига қанчалик баландпарвоз ном бермасин, ёзганларининг мазмуни бундай номга арзимагани яққол кўриниб туради. Муаллиф олдинги мақоласида айтган «ер ва эр», «ел ва эл» тўғрисидаги гапни яна такрорлади, қайсидир ҳаваскор ёш шоира шундоқ ёзганмиш ва бунда лотин ёзуви айбдормиш. 

Қизиқ савол туғилади: лотин ёзувида ўқиган одам ҳеч «эр»ни «ер», «эл»ни «ел» деб ёзадими? Йўқ, албатта. Шунчаки, лотинда ўқиган ўша қиз кириллчада ёзганда шундай хатога йўл қўйган. Бу эса яна бир саволни ўртага ташлайди: нега у кириллча ёзган? Қаерда ёзган? Ҳарқалай, ўз дафтарчасида ёзса, ўзи савод чиқарган лотин ёзувида ёзади, газета-журналларда ҳам бундай жиддий хато кетмаса керак. Унда ким уни кириллча ёзишга мажбур этди? Ёки сиз баҳо беришингиз учун сизга тушунарли кириллчада ёздими, Мирзабек Жапақов? Ҳуқуқшунос, журналист эканингизни биламиз, бироқ шоир эканлигингизни билмабмиз. Ҳаётингиздан мисол келтирсангиз, батафсилроқ ёзинг, илтимос, - одамларни чалкаштиришга уринманг. Ёзган яна бир гапингизни ўқиб ҳайрон бўлдим: