Ўзбекистон | 14:02 / 18.08.2017
71779
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда мега палов тайёрланди

17 август куни Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида Milliy телеканали ташаббуси билан Ўзбекистондаги энг катта палов тайёрланди. Экспертларнинг қайд этишича, рекорд миқдордаги ушбу таомнинг оғирлиги 6 тоннани ташкил этди.

Палов диаметри 4,2 метр, ҳажми деярли 8 минг литр бўлган қозонда тайёрланди. Ушбу қозон Олмалиқ кон-металлургия комбинатида мазкур тадбир учун махсус қуйилди. Қозоннинг умумий оғирлиги 7 070 кг, чуқурлиги 1 метр. Ўчоқнинг оғирлиги эса деярли 3 тоннани ташкил қилди.

Паловни тайёрлаш учун рекорд миқдордаги масаллиқлардан фойдаланилди. Хусусан, 826 кг мол гўшти, 825,5 кг қўй гўшти, 195 кг думба ва энг асосийси, 1 650 кг гуруч қозонга солинди. Шунингдек, 2 400  кг сабзи, 185 кг пиёз, 350 литр ўсимлик ёғи, 480 кг туз ишлатилди ҳамда 4,5 кг зира, 165 кг зирк, 90 кг нўхат ва 3 кг қора мурч билан паловнинг таъми ростланди.

Ушбу паловни тайёрлаш учун Ўзбекистоннинг 50 дан зиёд таниқли ошпазлари жам бўлишди. Улар таомни 2 метрдан узунроқ капгирларда аралаштириб, сузишди.  

Тайёр таом тадбир меҳмонлари ҳамда Олмалиқнинг 22 мингдан зиёд аҳолисига тарқатилди.

Умумий ҳисобда, мега паловни тайёрлаш, тарқатиш – ташкилотчилик ишларига 150 киши ҳисса қўшди.

Milliy телеканали маълумотларига кўра, бу тадбир дунёдаги энг катта паловни тайёрлаш олдидан репетиция жараёни эди. Ўзбекистонда тайёрланган  энг катта палов бўйича дунё рекордини ўрнатиш ва уни Гиннес рекордлари китобига киритиш учун расмий уриниш шу йилнинг 8 сентябрида Milliy телеканалининг 1 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган "Ўзбегим" Миллий қадриятлар фестивали доирасида бўлиб ўтади.

Мавзуга оид