KUN.UZ таҳририятининг Фарғона вилоятига сафари давомида кўплаб мурожаатлар ўрганилди. Фуқаролар билан дилдан суҳбат қилинди. Энг муҳими, мурожаатлар юзасидан бир қатор саволларга мутасадди раҳбарлар ҳам изоҳ берди. Хусусан, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев билан ижодий сафарнинг иккинчи кунида суҳбат қуришга муваффақ бўлдик.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш

Одамларнинг мурожаатига маҳаллий давлат идораларидаги ҳоким, унинг ўринбосарлари ёки бошқарув идоралари раҳбарлари бефарқ бўлса, унда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари кимга мурожаат қилиши керак? Албатта, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига чиқишаяпти, Виртуал қабулхона орқали тушаётган мурожаатларнинг иши назоратга олинган. Вилоятимиз аҳолиси қарийб 3 миллион 700 минг кишини ташкил қилади. Гап мурожаатларнинг сонида эмас, давлат идораларига, маҳаллий ҳокимлик идораларига ариза ёки илтимос билан мурожаат қилган фуқаро масаласининг ечимидир. Масала ечилмадими, у мурожаат ҳеч қачон назоратдан олинмайди. 

Сўх тумани ҳақида

Фарғона вилоятида 15 та туман бўлса, улардан бири Сўх тумани. Бугунги кунда тўлақонли ишонч билан айтиш мумкинки, Фарғона вилояти таркибидаги Сўх тумани бошқа туманлар қатори Фарғона вилояти таркибидан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ажралиб қолиб ёки анклавлиги бугун фуқаролар томонидан, умуман агар анклав ҳудуд, дейдиган бўлсак, бугунги вазиятдан келиб чиқиб – бу нотўғри бўлади. Сабаб яратилган шароит. Сўх туманининг фуқаролари бугун қарийб 88 мингдан ортиқ кишини ташкил қиладиган бўлса, у ерда яшаётган фуқароларнинг миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси, жумладан, Фарғона вилоятининг ҳар қайси туман, шаҳарларига, мамлакатимиз пойтахтига ҳам бемалол бориб келишлари учун имконият яратилган. Қўшни Қирғизистон Республикаси билан ўрнатилган дўстона алоқалар, ўзаро келишув битимлари туфайли Сўх тумани фуқароларига бугунги кунда кириш-чиқиш ёки зарур шароитга асосан Сўх туманига вилоятнинг бошқа туманларидан бўлган фуқароларнинг келиб-кетиши, бошқа тадбирларнинг барчаси қўшни давлатлар билан норматив ҳужжатлар билан тартибга олинган.  

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш 

Вилоятимизда аҳоли сонидан келиб чиқадиган бўлсак, ёшлар 1 миллион 460 мингдан ортиқроқдир. Бугунги кунда бизга ёшларимиздан бўлаётган мурожаатлар бу – ёшларни уй-жойлар билан ўз вақтида таъминлаб бериш масаласи. Вилоятда ўтган йилларга нисбатан бу йил жами 49 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган бўлиб, туманларда ҳам 3 қаватли уйлар қурилмоқда. Давлат дастурига асосан, бу йил 1228 та арзон, намунали қишлоқ уйлари, бундан ташқари, Президентимизнинг Фарғона вилоятига ташрифларидан кейин, 920 та 2-3 қаватли арзон уйлар туманларда қурилади. Бу йил режамизда Марғилонда 18 та кўп қаватли уй ва Қўқон шаҳрида 21 та кўп қаватли уйларни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Ҳозирги кунда қурилиш ишлари жадал кетмоқда.