KUN.UZ ижодий жамоаси Фарғона водийси бўйлаб сафар давомида Наманган шаҳрида ҳам бўлди. Таҳририят Халқаро пресс-клубнинг Наманган вилоятидаги сайёр сессияси доирасида электрон манзилга келган мурожаатларга ҳам эътибор қаратди. Жумладан, мурожаатлар орасида Наманган шаҳри, “Юқори Ғирвон” МФЙ, “Ғирвонбулоқ” маҳалласи фуқароларининг муаммоси эътиборга молик. 

Гап шундаки, Наманган шаҳар “Юқори Ғирвон” маҳалла фуқаролари йиғини “Ғирвонбулоқ” маҳалласида 400 га яқин хонадон мавжуд бўлиб, уларга мазкур ерлар мамлакатимиз мустақилликка эришган илк йилларда, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг жамоа хўжаликлари ерлари ҳисобидан аҳолига ер бериш ҳақидаги қароридан сўнг берилган.

Катта магистрал йўлдан пастда ва Ғирвонсой сув манбасидан юқорида жойлашган, электр, газ ва сув каби кўплаб коммунал қулайликларга эга ва транспорт тармоғи қулай жойлашган ҳудудда аҳоли шу пайтга қадар яшаб келмоқда. Бироқ бу йил қурилиши кутилаётган дам олиш оромгоҳи лойиҳаси сабабли ушбу маҳаллада истиқомат қилаётан аҳоли орасида уйлари бузилиши ҳақида хабарлар тарқалди. KUN.UZ ижодий гуруҳи вазиятни ўрганиш учун маҳалла аҳли билан юзлашди.

“Шунча аҳоли 1989 йилдан бери бу ерда яшайди. Энди эса бузилади, деган гап чиқди. Ёшимиз ҳам кексайиб қолди. 30 йил давомида оддий тошлоқ жойни шу даражада обод қилдик. Жорий йилнинг апрель ойида бу ерда аквапарк қурилади, деган миш-мишлар пайдо бўлди. Бузилишни эса хонадонимизни ўлчашга келган кишилар келганда билдик. Келиб 1-кўчада йиғилиш ҳам ўтказишиб, “15 куннинг ичида бу ерда биронтангиз ҳам қолмайсизлар”, дейишибди. Розилик ҳам сўрашмаган. Бу ерда эса 400 дан ортиқ хонадон яшайди. Айтишларига қараганда, давлат эмас, балки бир тадбиркор бузаман деяётган экан. Унинг аквапарки инсонлардан ҳам азизми?! Тошкентга ҳам бориб, Девонхонага ариза ташлаб келдик. Бироқ, жавоб бўлмади. Ҳокимнинг олдига уч марта бордик, лекин қабул қилмади. Президент келган пайтларида йиғилиб, улар билан кўришайлик, дардимизни айтайлик, десак “Йўқ, уйлар бузилмайди”, дейишди. Бизни кўчага ҳам чиқаришмади”, - дейди маҳаллий аҳоли вакиллари.

Ғирвонбулоқликларнинг бири қўйиб, бири куйиниб гапиришар экан, муаммонинг кундан кунга катталашиб бораётганини тушундик. Бу норозиликнинг ягона ечими - мутасадди раҳбарлар билан мулоқот қилиш, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш, шунингдек, уларни рози қилиш. Ғирвонбулоқликлар билан суҳбат устига Наманган шаҳар ҳокими ўринбосари Саидаҳмад Султонов келди.

“Ғирвонсой селхонаси, деган жой бор. Сел тутқич. Ғирвонсой оқиб келади ва Шимолий Фарғона каналига тушади. Президентимизнинг ташриф буюришларидан аввал бу ҳудуднинг лойиҳа таклифи тайёрланди. Ҳозир ҳукуматнинг қарорига имзо йиғилаётган экан. Сув тўпланадиган пастки қисмида дам олиш маскани ташкил қилинади. Яъни, кўл бўлади. Кўлнинг бугунги кундаги ҳолатидан келиб чиқиб, кўтариладиган сув сатҳига қараб туриб аҳоли қурган уйлари бир қисми бузилиши мўлжалланган. Бу ҳудудда сойнинг ҳимоя зонаси бор, яъни селхона, дейилади. У 100 метр, ундан юқори бўлган қисмида юридик ҳужжати бор, ўша пайтда туман ҳокимининг қарори билан тасдиқланиб, уй-жой қуришга рухсат берилган хонадонлар бор. У хонадонлар бузилиш ҳудудига тушмайди. Бу ерда кадастр хизмати хатлов қилди, бу жараёнда онахонлар “Ҳаммамизники ўлчамоқда, ҳаммамизнинг уйимиз бузилади”, деб қабул қилишди. “Йўқ, ҳали лойиҳа тайёр бўлсин, чегараси аниқлансин, қурилиш ўрни аниқ бўлгандан кейин”, деб тушунтирдик. Лойиҳа ишлаб чиқилгандан сўнг тегишли хулосани олиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг вакиллари хулосани айтганидан кейин бузилиш ҳудуди аниқ бўлади. Биз боғ қурмаган тақдиримизда ҳам, хавфли ҳудудда яшаётган аҳолига бошқа жойдан ер участкаси бериб, кўчирамиз. Уйни бузишдан олдин фуқароларни ер участкаси билан таъминлаб, белгиланган тартибда компенсация тўловини тўлаб, кейин кўчирамиз. Бузилиш режалаштирилган ҳудудда 46 та ҳовли бор экан, шундан 4 тасини юридик ҳужжати бор, қолган 42 тасини қарори ҳам йўқ”, - дейди Наманган шаҳар ҳокими ўринбосари.