Нашр манбаси маълумотларига кўра, собиқ иттифоқ давлат хавфсизлигининг террорчиликка қарши кураш бўлимида ишлаган 10 га яқин истеъфодаги агенти Пхеньянга февралда таклиф қилинган.
Улардан Ким Чен Ин тан соқчиларини терактларни бартараф этиш ва агар суиқасд амалга оширилса, жумладан, АҚШнинг Gray Eagle дрони ёрдамида, нима қилиш кераклигига ўргатиш сўралган.
Май бошида Шимолий Корея Марказий разведка бошқармаси ва Жанубий Корея махсус хизматларини Ким Чен Инни ўлдириш мақсадида тил бириктирганликда айблаганди.
Бу орада Reuters ахборот агентлигининг МАГАТЭга иқтибос келтирган ҳолда хабар қилишича, Пхеньян қурилаётган янги ядровий реактор учун зарур элементларни ишлаб чиқариш ишларини фаоллаштирган. Мутахассислар фикрича, Шимолий Корея атом бомбалари учун ёқилғи ишлаб чиқаришда мавжуд реактордан фойдаланмоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп эса агар Шимолий Корея ядровий синовларини давом эттирса, у ердаги вазиятга ҳарбий аралашув бўлиши мумкинлигини айтган.










