26 август куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ вазири генерал-майор Абдусалом Азизов байрамолди муносабати билан Тошкент шаҳар ИИББ шахсий таркиби билан учрашув ўтказгани хақида хабар қилинган эди.
ИИВ раҳбари Абдусалом Азизов, Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Баҳодир Қурбонов, ШИИББ раҳбарияти, ички ишлар фахрийлари, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирокида ташкил этилган тадбирда Тошкент шаҳри туманлари ИИБ, ЙҲХБ, ИИББ ҳузуридаги махсус бўлинмалар, кинология хизмати бўлинмаси, пост-патрул хизмати ва бошқа ходимлари саф тортди.


Ички ишлар вазири Азизов республика раҳбарияти томонидан мамлакатда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликларга қарши курашиш ҳамда ички ишлар ходимларининг халқ орасидаги обрўсини тиклаш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, ходимларни, айниқса, профилактика нозирларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга хизмат жойларидан унча узоқ бўлмаган ҳудудлардан тураржойлар бериш, автомашиналар билан таъминлаш ишлари олиб борилаётгани ҳақида сўз юритди. Азизовнинг алоҳида уқдиришича, мамлакат ҳукумати ички ишлар ходимларининг шароитларини яхшилаш борасида жиддий иш олиб бормоқда.
“Бир нарсани аниқ билингларки, ҳар бир ички ишлар ходими давлат ҳимоясида бўлади”, - деди Азизов.

Бундан ташқари, Азизовнинг маълум қилишича, шаҳар ҳокимияти билан келишилган ҳолда, Тошкент ШИИББ ходимлари учун ҳар бир туманда 1 тадан жами 11 та 9 қаватли хизмат уйлари барпо этилади.
Вазирнинг айтишича, ИИББ ходимлари томонидан август ойи мобайнида 43 жиноятчи аниқланиб ушланган. Пойтахт ҳудудида хавфсизликни таъминлаш бўйича олиб борилган чора-тадбирлар натижасида август ойи мобайнида шубҳали кўринган ёки ҳуқуқбузарлик содир этган 35 минг киши ҳудудий ички ишлар бўлимларига олиб келинган профилактика важлари билан текширилган. Натижада қатор жиноятлар фош этилган ва қидирувдаги шахслар қўлга олинган.
Вазир қисқа кунлар ичида иккита байрам ва янги ўқув йилининг биринчи куни бўлиши, халқ сайиллари ва оммавий тадбирлар ўтказилиши ички ишлар ходимлари зиммасига янада жидий масъулият юклаши, бу тадбирлар давомида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, уюшқоқлик билан ўтказиш лозимлигини таъкидлади.

















