Маълумки, айни кунларда мигрантлар масаласи нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёда долзарб аҳамият касб этган. Шу нуқтаи назардан фуқароларда келиб чиқаётган саволлар ҳам талайгина. Мисол учун мигрантларга юридик хизмат кўрсатиш қай даражада? KUN.UZ таҳририяти Москва шаҳрида “ЛексМобайл” юридик фирмасига асос солиб, меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келаётган Ботиржон Шерматов билан суҳбат уюштирди. Суҳбат давомида мигрантларга юридик хизмат кўрсатиш соҳасидаги муаммо ва ечимлар ҳақида сўз юритилди. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, 2015 йили “ЛексМобайл” юридик фирмаси томонидан “МИГРАНТ” лойиҳаси йўлга қўйилган.

Ҳозирги миграция жараёни

Албатта, миграция мавзуси мақтанадиган нарса эмас. Бу катта ижтимоий муаммо. Лекин бугунги кунда ҳаммада ҳар хил ривожланиш бўлмоқда. Барчанинг ўзига яраша сабаблари бор. Ҳеч ким бекордан бекорга ватанини ташлаб чиқиб кетмайди. Мигрантларнинг муаммосини учга бўлган бўлардим. Биринчиси – қабул қилаётган давлатдаги қонунчилик билан боғлиқ муаммолар. Иккинчиси – мигрантларнинг боришга тайёр эмаслигига алоқадор. Учинчиси эса – давлат ташкилотларининг етарли даражада ишламаслиги билан боғлиқ муаммолар.

Албатта, буларни ҳал қилишга ҳаракат қилса бўлади. Хурсанд қиладиган жиҳати, сўнгги вақтларда бу муаммолар очиқ-ойдин гапирилмоқда. Давлатимиз томонидан мигрантларга нисбатан муносабат анча ўзгарди. Президентимиз жорий йилнинг апрель ойида Москва шаҳрига борганларидан сўнг, Россия ва Ўзбекистон ўртасида ишга ташкилий жалб қилиш тўғрисида шартнома имзоланди. Бу бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда.

Россия ҳақида

Россияда қонун қабул қилинган пайтда, уни қабул қилганлар қанча мигрант борлигини ҳисобга олишмайди. Ваҳоланки, у ерда 10 миллиондан ортиқ мигрант бор. Ҳозир Россияда Ўзбекистоннинг 1 миллион 700 мингдан ошиқ фуқароси бор, деб расмий айтилаяпти. Меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар эса ҳали етарли эмас. Чунки у ердаги одамларнинг сони жуда кўп. Албатта, Ўзбекистондан ҳозир ишчиларни олиб бориш бўйича ташкилий ишлар бошланди. Бироқ у ерда бизнинг ҳужжати қўлида бўлган, аммо иш билан таъминланмаган фуқаролар ҳам бор. Шунга эътибор беришга интилиш керак. Ҳар куни миграция марказларидан минглаб инсонлар ўша рухсат берувчи ҳужжат билан чиқади, лекин яхши ишлар йўқ. Қаерга бориб, кимнинг қўлига тушиши номаълум. Шу сабабдан бу ерда ишлаб юрган, ҳужжати тайёр фуқароларимизни иш билан таъминлаш бўйича шуғулланишса ҳам яхши бўларди. Бундан ташқари, элчихонамизнинг консуллик бўлими билан боғлиқ бир қанча