Ўзбекистон | 02:11 / 28.08.2017
113427
4 дақиқада ўқилади

«Нархоз»да тест куни «ректорская группа» ишлаганми ёки бу бир тасодифми?

Фото: KUN.UZ

Илгарироқ сайтимизда «Тошкент давлат иқтисодиёт университетидаги сирлар очилмоқда» сарлавҳаси остида блогер ва юрист Хушнуд Худойбердиевнинг Тошкент давлат иқтисодиёт университетида янги ўқув йили учун қабул имтиҳонлари натижаларидаги ишонарсиз рақамлар ҳақидаги мақоласи келтирилган эди.

Хушнуд Худойбердиев ўз сайтида эълон қилган мақолада қабул квотасининг сўнгги бали ва ўқишга кира олмаган биринчи абитуриентнинг бали ўртасидаги жуда катта тавофутга эътибор қаратган.

Ёлқин Муқимов ўзининг «Фейсбук» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида худди шу мавзу бўйича яна бир таҳлил натижалари эълон қилди. Унинг жойлаштирган пости қўйидагича:

Шу йилги имтиҳонлардан олдин телевидениеда ўтказилган давра суҳбатида «ректорская группа» ҳақида умуман ҳеч нарсани билмаслигини эътироф этган ректорларимизга ва шунингдек баъзи «ўзга сайёрадан тушганлар»га шунчаки маълумот учун бир фактни тақдим этмоқчиман.

Ушбу суратда Тошкент Давлат иқтисодиёт университети (халқ оғзида — «Нархоз») нинг Корпоратив бошқарув йўналишининг имтиҳон натижалари кўрсатилган.

Квота бўйича 4 та грант, 66 та контрактга абитуриент қабул қилиниши керак. Ушбу квота бўйича ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг ақалли биррортаси бўлса ҳам ўз билими билан ўқишга кирганмикан? Мени фолбинга чиқаришингиздан олдин сизга бир қанча «ашёвий далиллар»ни тақдим этаман. Кейин нима дейсиз, ўзингизга ҳавола.

Тест варақалари ДТМ томонидан кодланган ҳолда келишидан хабардорсиз. Бир гуруҳга тушган абитуриентларнинг ДТМ кодлари кетма-кет келиши ҳам маълум (масалан 7271210, 7271211, 7271212, ... тарзида)

Хуллас, ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг ДТМ кодларига эътибор қилинг. Бир қарашда ҳеч қандай ғайриоддийликни сезмайсиз. Чунки кодлар аралаш ҳолатда турибди. Лекин бу ДТМ кодларни тартиб бўйича жойлаштирсак, «ажойиб» манзаранинг гувоҳи бўласиз.

Фото: Xushnudbek.uz

Диққат қилинг! Ўқишга кирган барча абитуриентларнинг ДТМ кодлари кетма-кет келган рақамлардан иборат:

7271171 рақамидан то 7271180 рақамигача; (жами 10 та)

7271201 рақамидан то 7271211 рақамигача; (жами 11 та)

7271231 рақамидан то 7271241 рақамигача; (жами 11 та)

7271280 рақамидан то 7271300 рақамигача; (жами 20 та)

7271351 рақамидан то 7271362 рақамигача; (жами 12 та)

7677930 рақамидан то 7673035 рақамигача; (жами 6 та)

Ҳаммаси бўлиб 70 кишига тегишли рақамлар.

Бу абитуриентлар ёнма-ён парталарда, битта аудиторияда ўтирганига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ўқишга кира олмаган «етимча» абитуриентлар эса қолган гуруҳларда тарқалиб қолибди. Ақалли битта код тополмадим-ей «осмондан тушган». Сиз-чи, сиз топдингизми?

Контрактнинг энг охирги бали 163,8 балл. Йиқилганларнинг биринчи ўрни эса 97,3 балл.

Кейинги суратда худди шу олийгоҳнинг Менежмент факультети:

Фото: Xushnudbek.uz

Нима дейишга ҳам ҳайронсан...

Нима бўлганда ҳам, бу ҳолатнинг рост ёки ёлғонлигини синаб кўришнинг биттагина йўли бор: Ўша кирган 70 нафар абитуриентга айнан ўша тест вариантлари келтирилиб, бошқатдан тест олинади. Албатта, жамоатчилик назорати остида. Агар ичларидан кимдир 15 август куни эълон қилинган натижаларга яқин балл тўплай олишмаса — талабалар сафидан қўрқмасдан чиқариш ва ўрнига чизиқдан пастдагиларни квотага қабул қилиш керак.

Адолатнинг қўрқинчли башараси мана шу бўлади!

Ш.Шокиржонов тайёрлади.

Мавзуга оид