Сирдарё аҳолисининг сони бўйича энг ихчам вилоят бўлишига қарамай, мазкур ҳудуд ўзининг ислоҳотлар ва янгиликларга мойиллиги билан ажралиб туради. Бундай ижобий ўзгаришлардан сўнгисини Гулистон шаҳар транспорт тармоғида аҳолига яратилган инновацион қулайликда кўриш мумкин.
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ҳамда “Mikroelektronika Plyus” МЧЖ ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа юртимиз Мустаққиллигининг 26 йиллиги байрами арафасида Гулистон шаҳри аҳолисига байрам туҳфаси сифатида тақдим этилди ва улар томонидан жуда илиқ кутиб олинди.
“Mikroelektronika Plyus” МЧЖ йўловчи транспорт, хусусан темир йўл соҳасида автоматлаштирилган тизимларни лойиҳалаштириш ва амалиётга жорий этиш бўйича 8 йилдан ортиқ тажрибага ва ижобий натижага эга маҳаллий корхона. Электрон қурилмаларни лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва модернизация қилишда халқаро ISO 9001:2008 сертификати асосида иш юритиб келмоқда.
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг юртимиз йўловчиларига қулай шароит яратиш йўналишидаги режаси ҳамда ташаббускор корхона томонидан ривожланган давлатларнинг мазкур йўналишдаги илғор тажриба ўрганилгани, Гулистон шаҳрида қисқа муддатларда автобусларда тўловларни автоматлаштириш синов лойиҳасини амалга жорий этилишига сабаб бўлди.
Мазкур лойиҳа доирасида Гулистон шаҳридаги иккинчи, тўртинчи ва бешинчи мавзеларга қатновчи ISUZU русумидаги 10та автобуслар махсус қурилмалар (валидатор) билан жиҳозланди. Натижа эса ҳам ажойиб, ҳам жуда қулай.

Аҳолига яратилган қулайликни энг аввалида йўлкира хақини нақд пулсиз тўлашни таъкидлаб ўтиш жоиздир. Эндиликда транспорт тўлов картасини сотиб олиш ва уни кейинчалик тўлдириб бориш банк пластик картаси орқали, шунингдек электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириш мумкин. Бу эса ўз ўрнида қайтим беришдаги муаммоларни ечади ва тўлов жараёнини бир неча баробарга қисқартиради.
Мисол тариқасида, PayNET шохобчасига борган ҳолда ёки телефон орқали Woy-Wo тизимига уланган ҳолда транспорт картаси ҳисобини тўлдириш мумкин. Босқичма-босқич эса барча тўлов тизимлари орқали ҳисобни тўлдириш имкони яратилади.
Ҳайдовчилар ҳам бундай янгилик кириб келишидан жуда хурсанд бўлдилар. Чунки бунга етарли сабаб ва асос бор. Бундан сўнг йўловчилар тирбанд пайтларда йўлкира ҳақини қабул қилиб олиши жуда осонлашади ва қайтим билан ҳам муаммолар юзага келмайди. Ҳайдовчининг асосий эътибори йўлга қаратилиши эса барчанинг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
















