Пастдарғом туманининг Чархин қўрғонида жойлашган, «Динамо» ПФК тасарруфидаги болалар ва ўсмирлар махсус футбол мактаби ташаббуси билан 2006–2007 йилда туғилган болалар ўртасида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллиги ҳамда Биринчи президент Ислом Каримов хотирасига аталган Самарқанд вилоят очиқ чемпионати ўтказилмоқда.



— Очиқ чемпионатимизга 28 та жамоадан талабнома келиб тушди. Сурхондарё вилоятининг «Сурхон» ва «Пахтакор» жамоалари ҳам қатнашмоқда. Улар 7 тадан тўрт гуруҳга бўлинган ва 29 августдан бери ҳар куни футбол мактабимизнинг махсус мослаштирилган майдонларида ўйинлар бўлиб ўтмоқда, — деди футбол мактаби директори Бахтиёр Сатторов.

516 нафар болакай қатнашаётган турнир қамрови жиҳатидан Республикадаги йирик турнирлардан ҳам кам ўтказилмаётгани кишини ҳайратга солади. 2 сентябрь куни Қурбон ҳайити муносабати билан футбол мактабда қўй сўйилди, Биринчи президентимиз И.Каримов хотирасига ош дамланиб, Қуръон тиловат қилиниб, фахрийлар дастурхонга таклиф этилди, шу жумладан, футбол турнирида қатнашаётган болакайларга ош тортилди.





— Ушбу турнирни доимий ўтказиб боришни режалаштирганмиз ва келгуси йили чемпионатимизни халқаро даражага кўтармоқчимиз. Ён қўшниларимиз — Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга таклифномалар жўнатамиз. Айни пайтда музокара олиб борганимизда, улар қатнашишга розилик беришди. Озарбойжон ва Россиядан ҳам жамоаларни таклиф этиш ниятимиз бор, — дейди Б.Сатторов.

















