Ядровий қуролни қўллаш хавфи, халқаро терроризм, қуролли тўқнашувларнинг кўпайиши, иқлимнинг ўзгариши ва илмий тараққиётнинг мисли кўрилмаган асоратлари - инсоният олдида турган энг жиддий хавф кўринишлари ҳисобланади. БМТ бош котиби Антониу Гуттериш Бош Ассамблеянинг 72-сессиясида ана шундай баёнот билан чиқди.
"Биз - халқлар ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти жиддий чақириқларга йўлиқмоқдамиз", - деди у. "Одамлар азобланмоқда ва ғазабга тўлмоқда. Улар хавфсизлик, тенгсизлик, низоларга доир вазият ёмонлашиб бораётгани, иқлим ўзгараётганини кўришмоқда", - деди Гуттериш.
Бош котиб бугунги кунда "дунё қарама-қаршиликларга тўла экан"ини қайд этиб, БМТ билан ҳамкорликда "ишончни қайта тиклаш ва дунёни яхши томонга ўзгартириш" мумкинлигини таъкидлади.
Ядровий таҳдид ва терроризм
Инсоният учун энг жиддий хавф-хатарлар орасида Гуттериш ядровий таҳдидни биринчи ўринда қайд этди. БМТ бош котибининг таъкидлашича, "ядровий қуролнинг қўлланилишига ақл бовар қилмайди". Шу ўринда у КХДРнинг ракета ва ядровий синовларини кескин қоралади.
"Мен КХДР ва БМТ таркибига кирувчи мамлакатларни Хавфсизлик Кенгаши (ХК) резолюцияларига тўлиқ амал қилишга чақираман", - деди Гуттериш ва ХКга бу масалада бирдамликни сақлаб қолишни сўраб мурожаат қилди.
Таҳдидлар рўйхатининг иккинчи қаторида Гуттериш халқаро терроризмни қайд этди. У 2018 йилда жаҳон ташкилоти шафелигида биринчи марта экстремистларга қарши ихтисослашган идоралар раҳбарлари билан учрашув ўтказишини таъкидлади. Бош котибнинг сўзларига кўра, бу "халқаро терроризмга қарши янги ҳамкорликка асос солиш" имконини беради.
Низолар ва иқлим
Гуттериш энг жиддий чақириқлар орасида шунингдек турли қуролли тўқнашувларнинг кўпайиш хавфини алоҳида таъкидлади. "Бугунги урушларда ҳеч ким ютмайди. Суриядан Ямангача, Жанубий Судандан Сахелгача, Афғонистон ва бошқа ерларда фақат сиёсий қарорлар билангина тинчликка эришиш мумкин", - деди у.
"Ўзимизни алдашга не ҳожат?! Хаосни юзага келтираётган можароларни ҳал қилмас эканмиз, терроризмнинг илдизини йўқ қила олмаймиз", - деди Гуттериш. У Мьянмадаги вазиятга алоҳида эътибор жалб қилди. "Мьянма ҳукумати ҳарбий операцияларни тўхтатиб, аҳолига ҳеч қандай тўсиқларсиз гуманитар ёрдам кўрсатишни таъминлашлари керак. Шунингдек улар роҳингяларнинг норозилигига эътибор қаратиши лозим, уларнинг мавқеи жуда узоқ вақтлардан буён ноаниқ бўлиб келган", - деди бош котиб.

















