Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "2017 йил ҳосили пахта хом ашёсининг харид нархлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Давлат эҳтиёжлари учун сотиб олинадиган пахта хом ашёси етиштиришни кўпайтиришни рағбатлантириш ҳамда пахта етиштирувчи хўжаликларнинг молиявий ҳолатини янада мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзпахтасаноатэкспорт», «Ўзагротехсаноатхолдинг» холдинг компаниялари ҳамда Ўзбекистон Фермерлари кенгашининг 2017 йил ҳосили:
пахта хом ашёси харид нархларини 1-иловага мувофиқ миқдорда белгилаш;
машинада терилган пахта хом ашёси харид нархларини 2-иловага мувофиқ миқдорда белгилаш;
қўлда терилган пахта хом ашёсининг 1 килограмми учун биринчи босқичда — 450 сўмдан, иккинчи босқичда 2017 йил 1 октябрдан бошлаб — 500 сўмдан тўлаш;
машинада терилган пахта хом ашёсининг 1 тоннаси учун 260 000 сўмдан тўлаш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда пахта етиштирувчи фермер хўжаликларига 2017 йил ҳосили пахта хом ашёси харид нархларининг бир ҳафта муддатда етказилишини таъминлаш вазифаси топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси, «Агробанк» АТБ ва бошқа тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда пахта йиғим-теримида, уни ташишда ва тайёрлашда қатнашаётган ходимларга иш ҳақининг ўз вақтида тўланишини таъминлайдилар.
Пахта етиштирувчи фермер хўжаликларига амалда топширилган пахта хом ашёси учун теримчиларга терим пулларини ушбу қарорда белгиланган тариф ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳар беш кунда, зарурат бўлганда эса — ҳар куни тўлаш тавсия этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари пахта теримчиларига терим пулларининг ушбу қарорда белгиланган тариф ставкалари бўйича ўз вақтида тўланиши юзасидан қатъий назорат ўрнатадилар.
















