Жаҳон | 08:33 / 25.09.2017
12296
2 дақиқада ўқилади

Малайзия АСЕАН’нинг Мьянма бўйича баёнотидан дарғазаб

Малайзия ташқи ишлар вазири Анифа Омон Жануби-Шарқий Осиё давлатлари Ассоциацияси (АСЕАН) раисининг Мьянма ғарбида истиқомат қилувчи роҳингя мусулмонлари атрофидаги гуманитар инқироз бўйича баёнотини танқид қилди. "Ҳужжат ҳақиқий вазиятни нотўғри кўрсатмоқда", - дея идора раҳбарининг сўзларини келтиради Star газетаси.

"Малайзия ҳукуматининг рўй бераётган вазиятдан ташвишда эканлиги раис (Филиппин ТИВ) баёнотида акс эттирилмаган", - дея таъкидлаб ўтди у. Унинг сўзларига кўра, ҳужжатда фақатгина “Ракхайн штатидаги гуманитар вазият” ҳақида сўз юритилади, бироқ роҳингялар тилга олинмаган. Вазир бу штатдаги вазиятни “илдизлари тарихга бориб тақалувчи халқлараро муаммоларнинг мураккаб комплекси” каби кўрсатилувчи баёнотларга йўл қўйиб бўлмаслигини айтди. АСЕАН'га аъзо давлатлар ТИВ раҳбарларининг БМТ Бош Ассамблеяси доирасида ўтказилган учрашувида қилинган баёнотда “Мьянма ҳукуматининг мамлакат ғарбида зўравонликни тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатлари маъқулланиши” таъкидланади.

Ассоциацияга Бруней, Вьетнам, Индонезия, Камбожа, Лаос, Малайзия, Мьянма, Сингапур, Таиланд, Филиппин аъзо давлатлар сифатида киради.

Анифа Омоннинг таъкидлашича, Куала-Лумпурда 25 август куни “Роҳингяларни қутқариш бўйича Аракан армияси” ҳаракати жангарилари томонидан ҳарбийларга уюштирилган ҳужум қораланади. Бироқ, унинг сўзларига кўра, ҳукуматнинг бундан кейин амалга оширган “тозалашлари” кўплаб тинч аҳоли вакилларининг ҳалокатига, шунингдек, юз минглаб одамларнинг бошқа давлатларга қочиб ўтишига сабаб бўлди ҳамда буни аввал юз берган ҳолат билан солиштириб бўлмайди. Малайзия “кенг кўламли гуманитар инқирозга сабаб бўлган бундай ваҳшийликлардан жиддий ташвишда, ва жаҳон ҳамжамияти унга эътибор қаратмаслиги мумкин эмас”, - дея таъкидлаб ўтди ТИВ раҳбари. "Шунингдек, биз Мьянма ҳукуматидан зўравонликни дарҳол тўхтатиш ва эҳтиёжмандларга гуманитар ёрдамни олишга имкон беришини талаб қиламиз", - дея қўшимча қилган вазир.

Мавзуга оид