2017 йил 3 октябрь нафақат “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, балки Ўзбекистоннинг энг янги тарихида яна бир саҳифа билан ёдда қолади. Гап шундаки, бугун Бекобод-Тошкент-Бекобод йўналиши бўйича замонавий электропоезд қатнови қайта йўлга қўйилди. 

Шу йилнинг 16 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрига ташриф буюрган чоғида шаҳарликларга янада кўпроқ қулайликлар тақдим этиш мақсадида таклиф ва тавсияларини берган, шу жумладан Бекобод-Тошкент-Бекобод йўналиши бўйича электричкалар қатновини қайта тиклаш вазифасини қўйган эди. 

 

Бекобод шаҳри Тошкент вилоятининг энг узоқ шаҳарларидан бири ҳисобланади. Эндиликда, таркибида 6 та замонавий, кенг ва шинам қилиб таъмирланган, юмшоқ ўриндиқлар ўрнатилган вагондан иборат электропоезд шаҳарни Ўзбекистон пойтахти билан боғлайди. 

 

 

Қайд этиш жоизки, ушбу поезд қатнови вақтларини белгилашда бевосита халқ фикри ўрганилиб, белгиланди. Эрталаб 6-35 да Бекобод шаҳридан йўлга чиққан поезд Ховос, Янгиер ва Гулистон бекатларида тўхтаб, 183 км масофани 2 соат-у, 45 дақиқада босиб ўтиб, 9-20 да Тошкент шаҳрига етиб келади. 

Ҳавони мўътадиллаштирувчи махсус ускуналар билан жиҳозланган вагонлар “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖда тубдан реконструкция қилинди. Уларнинг ҳар бирига йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида махсус кузатувчилар бириктирилади.