Жаҳон | 08:47 / 16.10.2017
3706
2 дақиқада ўқилади

Уго Чавеснинг укаси ва социалистлар Венесуэладаги губернаторлик сайловларида ғалаба қозондилар

Венесуэлани кўп йиллар давомида бошқариб келган марҳум Уго Чавеснинг укаси Архенис Чавес 15 октябрда Венесуэлада ўтган губернаторлик сайловларида Баринас штатида ғолиб бўлди. Бу ҳақда мамлакатнинг миллий сайлов кенгаши маълум қилди.

Венесуэланинг Ягона социалистик партияси номзоди бўлган Чавес 52,88 фоиз овоз тўплаган. Сайловлар мамлакатнинг барча 23 штатида ўтган. Уларда 17 штатда социалистлар, 5 та штатда эса мухолифат ғалаба қозонди.

Мухолифат вакиллари 2012 йилги сайловларга нисбатан ўз натижаларини яхшилай олдилар. "Демократик бирдамлик блоки" номзоди Хуан Пабло Гуанипа Сулия штатини бошқарадиган бўлди. Бу штатга мамлакатда қазиб олинадиган нефтнинг 40 фоизи тўғри келади.

Сайловларда иштирок этиш учун 18,5 млн сайловчи таклиф қилинган. Давомат 61,14 фоизни ташкил қилган.

Марҳум Уго Чавес мамлакатни 1999 йилдан 2013 йилгача бошқарган. 2011 йил июнида кубалик шифокорлар Чавесда саратон ўсимтаси борлигини аниқлашган. У Гаванада даволаш курсини ўтган, бир нечта операцияларни бошдан кечирган, бироқ оғир касаллик ўз сўзини айтган. "Қизил исёнчи" 2013 йил мартда 59 ёшида Каракасда вафот этган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид