Халқимиз азалдан меҳнатсевар ва бунёдкор. Иссиқ кунлар келди, дегунча қурилиш бошлайди. Шундан бўлса керак қурилиш соҳаси ҳам жадал суръатда ривожланиб бормоқда. Соҳадаги янгликлар ва ранг-баранглик шаҳар-у қишлоқларда қад ростлаётган бетакрор бино ҳамда иншоотларда намоён бўлмоқда. Бироқ гап ҳозир бу ҳақда эмас. KUN.UZ таҳририятига юборилган қурилиши ишлари билан боғлиқ хат ҳақида. 

KUN.UZ сайтига мурожаат қилган Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Марказ-4, 12-уйда яшовчи аҳоли уй олдида бошланган қурилишдан кескин норози бўлмоқда. Таҳририят журналистлари вазиятни ўрганиш учун воқеа жойига бордилар. 

“Мақсад 12-уйнинг ҳудудини ободонлаштириш, лекин шу орқали бу ерда уй қуриб, 12-уйнинг ҳудудини бутунлай тортиб олиш. Шундан сўнг бизнинг юришимиз учун кичкина йўлакча қолади, холос. Қайси МЧЖ қураётганини ҳам билмаймиз. Улардан сўрасак: “Бизга нақд пул беришади, хўжайинни танимаймиз”, дейишади. Маҳаллага, ҳокимиятга, прокуратурага мурожаат қилдик. 2017 йил 24 июлдаги ҳужжат бор – рейдерлик йўли билан эгаллаб олиш ҳақида. Биз уни бартараф этдик. Бу ҳақда акт тузилган. Панжарани ўрнатишаётганда 20 киши келди ҳамда уни жойлаштиришди. Шундан сўнг биз ўз секторимизга мурожаат қилдик, шаҳар ҳокимияти ходимлари таклиф этилди. Биз шунга ҳайрон бўлмоқдамизки, қурилиш нормалари ва қоидаларига умуман эътибор берилмади. Бизнинг уйдан қурилиши мўлжалланган уйга қадар бўлган масофа ҳеч қайси нормага тўғри келмайди. Бу ердаги ҳамма қурилиш мавзе қурилаётган пайтда яхшилаб ҳисоб-китоб қилинган. Баъзи инсонларга нима сабабдан шундай имконият берилаётганини тушунмаяпмиз. Биздан ҳеч ким сўрагани ҳам йўқ, бунинг устига норозилигимизни ҳам қабул қилишмаяпти. Аслида ҳокимиятдан 12-уй ҳудудини ободонлаштирамиз, деб қарор олишган. Энди эса янги уй қуриб, бизнинг ҳудудимизни тўлиқ тортиб олишмоқчи. Юнусобод тумани ҳокими эса ҳеч нарсага имзо қўймагани ва қурилишга қарши эканини айтди”, - дейди маҳаллий аҳоли вакиллари.

Ўз фикрини билдираётган фуқаролар қурувчиларнинг хатти-ҳаракатига баҳо берар экан, мавжуд муаммо бўйича туман ҳокимлиги, маҳалла фуқаролар йиғини, участка нозирларининг парвойи фалаклигидан жиғибийрон бўлаётганликларини изҳор этишди. Айни пайтда эса қурувчилар “ишимизга халақит қилманг, акс ҳолда...”, деган мазмунда улкан экскаваторини одамлар томон ҳайдаб, қўрқитиб кўришга уринди.

KUN.UZ қурилиш объектида ишлаётган қурувчилар билан суҳбатлашишга ҳаракат қилиб кўрди. Аммо улар суҳбатлашишни хоҳламади, ҳатто камерадан яшириниб, қочиб ҳам қолди. Бу хатти-ҳаракатлар аксар одамда шубҳа уйғотди. Хўш, қурилиш ишларига ким рухсат берди? “Ноқонуний хатти-ҳаракат бўлгани учун қочмоқдамикан”, деган саволлар авж ола бошлади.