Жаҳон | 11:40 / 18.10.2017
7864
2 дақиқада ўқилади

Остона хорижий ташувчилар устидан назорат кучайтирилганини маълум қилди

Фото: Gov.kg

Қозоғистон инвестициялар ва тараққиёт бўйича вазири Женис Қосимбекнинг 17 октябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган брифингда маълум қилишича, мамлакат ҳудудида хорижий ташувчиларни назорат қилиш кучайтирилди.

Вазирнинг хабар беришича, «маҳаллий ташувчиларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш»га қаратилган ушбу чора-тадбирлар доирасида бир ҳафта мобайнида 2,7 мингдан ортиқ автотранспорт воситаси текширилди ва 193 та қонунбузарлик аниқланди.

Вазир Қосимбекнинг хабар қилишича, ушбу қонунбузарликнинг асосий қисми Қирғизистон ташувчилари ҳиссасига тўғри келади - 60 фоиз (117). Россияликларда - 20 фоиз (38), ҳамда қолганларда - 20 фоиз (38). Қолганлар ичида бошқа давлатлар, шу жумладан Туркия, Тожикистон ва Туркманистондан ташувчилар бор.

Чегара вилоятларига, шу жумладан, Жамбил вилоятига текширувлар муносабати билан қўшимча кўчма транспорт назорати постлари юборилди. Маҳаллий полиция хизмати, иқтисодий терговлар бўйича хизмат ва давлат даромадлари органлари билан транспорт воситалари устидан 24 соатлик назорат таъминланган.

Йил бошидан бери, вазирлик маълумотларига кўра, 58 мингдан зиёд хорижий автотранспорт воситаси текширилди, 2 538 та қонунбузарлик аниқланди, уларнинг аксарияти, Қозоғистон расмийларига кўра, Қирғизистон ташувчиларига тегишли.

10 октябрдан бошлаб Қозоғистон ва Қирғизистон чегарасида текширувлар кучайтирилди. Натижада, Қозоғистон билан чегарани кесиб ўтувчи фуқаролар, юклар ва транспортнинг катта навбатлари пайдо бўлди.

Мавзуга оид