Бугун (27 октябрь) эрталабдан Тошкентнинг Шимолий вокзалидан Андижон томон йўлга тушадиган поезд ўз вақтида йўлга чиқмади. Андижонга хизмат сафари билан бораётган поезд йўловчиларидан бири таҳририятимизга йўлда бўлиб ўтаётган воқеа-ҳодисаларни бирма бир узатиб турди.
Тошкентдан эрталаб 8:05 да йўлга тушиши ва Андижон вокзалига соат 13:35 да етиб бориши керак бўлган поезд соат 9:15 да секин, тошбақа юриш қилиб йўлга тушди. График бўйича 1 соату 10 дақиқадан сўнг. Унгача манба поезднинг қачон юриши, умуман юриш-юрмаслиги номаълум, деб билдириб турган эди.
Умуман, ушбу йўналишдаги поезддан фойдаланувчи бошқа ўқувчиларимизнинг ҳам билдиришича, Андижондан Тошкентга келишда поезд ҳеч қачон вақтида етиб келмайди. Тошкентдан Андижонга кетишда ҳам кўп юз беради бу ҳолат. Энг қизиғи, ҳеч қачон ҳеч ким бунинг сабабини тушунтирмайди, кечирим сўрамайди, вагондаги йўловчиларга сув бермайди, чой бермайди.
1005 рақами ҳеч қачон мурожаатга жавоб бермайди, «Ўзбекистон темир йўллари»нинг 237-99-98 ишонч телефони ҳам тайинли жавоб бермайди. Бугун ҳам ишонч телефонига қўнғироқ қилинганида «ҳамма раҳбарлар мажлисда, мажлисдан чиқса, жавоб берар» деган жавобни олишган.
09:24. «Поезд озгина юриб Жанубий вокзалда туриб қолди. Одамлар чиптанинг пулини қайтаришни талаб этишмоқда. «Пулимни бер, тушаман» деб талаб қилаётганлар бўляпти. Атай одамлар чиптанинг пулини талаб қилишмасин, деб юриб юборди, энди тўхтаб-тўхтаб кетяпмиз»
10:53. «Тўхтаб тўхтаб кетяпмиз»
10:54. «Хизмат кўрсатиш расво»
10:55. «Чой ҳам берилгани йўқ ҳалигача. Олдинлари соат 8:30 дан чой бериларди».
11:01. «Аблик деган бинонинг олдида тўхтаб турибмиз. Светофорда муаммо дейишяпти».
11:08. Ҳали ҳам турибмиз
11:09. «Светофор дейишди-ю, лекин қарама-қаршидан поезд ўтиб кетди. Алдашибди, рўпарадан келаётган поездни кутибмиз. Юрдик».
Ўзи бутун темир йўл тизимида иш расво, дейиш ярамайди. Чунки Тошкент — Самарқанд йўналишида бундай муаммоларни жуда камдан-кам эшитамиз. Балки, водий томон элтувчи йўлда муаммо бордир. Балки ростдан ҳам йўл янгилигига «наладка» туфайли кечикишлар, узилишлар рўй бераётгандир, деган савол ҳам туғилди...








