31 октябрь оқшомида Европа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида 4 гуруҳ учрашувлари ўтказилди. 4-турдан кейиноқ «ПСЖ» ва «Бавария» гуруҳ масаласини ҳал қилиб бўлди, охирги йилларда турнир фаворитларидан бири бўлиб келган «Атлетико» эса турнирни тарк этиш ёқасида қолди. «Трибуна» сешанба оқшомидаги ўйинларнинг асосий воқеаларини эслаб ўтади.
Моуриньонинг мухлислар билан зиддияти

Ўтган ҳафтада «Тоттенҳэм» билан ўйин (1:0) якунланиши ҳамоно, Жозе Моуриньо камерага қараб бармоғини лабига теккизган ҳолда, «жим бўл» ишорасини қилганди. Кўпчилик бу ҳаракат асосан, сўнгги пайтларда жамоа ўйинини танқид қилаётган журналистларга қаратилганини тахмин қилган бўлса-да, аслида стадионга ташриф буюрган мухлислар учун ҳам мурожаат бўлиши мумкин экан.
Моуриньонинг «Бенфика»га қарши ўйиндан олдин айтилган қўйидаги фикрлари буни исботлагандек бўлди:
«Умид қиламанки, бугун ўз ишимизни уддалаймиз ва ЕЧЛ плей-оффига яқинлашамиз. Яна шуни умид қиламанки, ўйин ҳам кўпчиликка, жумладан, «Тоттенҳэм» билан ўйинни ёқтирмаган баъзиларга ҳам ёқади», – деди португалиялик мутахассис.
Мураббийнинг бу гаплари ва табиийки, олдинги ўйиндаги ҳаракати унинг Рэшфордни Марсиялга алмаштириш қарорини ҳуштакбозлик билан кутиб олган мухлисларга қаратилганини тахмин қилиш мумкин. Оқибатда Марсиял «Тоттенҳэм» дарвозасига ғалаба голини урди, Моуриньо эса, «жим бўлинглар, бу ерда мен боссман» дегандек бўлди – «ёпишяпти».
«Бенфика»га қарши ўйин ҳам «МЮ»нинг активига ёзилди – 2:0 ҳисобидаги ишончли ғалаба, «Олд Траффорд»да қаторасига 38 мағлубиятсиз ўйин. Бу ҳам клуб рекорди.
Луис Суарес қачон гол уради?

Ҳужумчиларнинг голсиз сериялари дарров кўпчиликнинг эътиборини тортади ва бу ҳақида гапира бошлайдилар. Масалан, Криштиану Роналдунинг муаваффақиятсиз бошланган мавсуми ҳақида. Аммо «Барселона»нинг ғалабали ўйинлари ва Мессининг сермаҳсуллиги фонида Луис Суареснинг муаммоси унча кўзга ташланмаётгандек.
Ушбу мавсумда барча мусобақаларда Суарес ҳаммаси бўлиб 3 гол урди холос. Чемпионлар Лигасидаги тўрт ўйинда у ҳали рақиб дарвозасини ишғол қила олмаяпти. Уругвайлик ҳужумчи сўнгги 4 ўйинда ҳам гол урмади, «Олимпиакос»га қарши ўйинда унинг 7 зарбаси ҳисобни ўзгартира олмади.










