Жаҳон | 13:00 / 01.11.2017
104345
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик, ҳайдовчи, ИШИД тарафдори. Нью-Йоркдаги теракт ҳақида нималар маълум?

31 октябрь, сешанба куни Манҳэттенда юк машинасини бошқарган шахс одамларни қасддан уриб юбориши оқибатида 8 киши ҳалок бўлди, 12 киши жароҳатланди. Келиб чиқишига кўра ўзбекистонлик бўлган Сайфулло Саипов теракт ижрочиси сифатида гумон қилинмоқда. У айни вақтда қўлга олинган. 29 ёшли бу террорчи Uber ҳайдовчиси сифатида ишлаган. Айрим манбаларга кўра, у машинада терактни ИШИД номидан содир этгани ифодаланган ёзув қолдирган.

Бу воқеадан кейин АҚШ президенти Дональд Трамп миграцион назорат чораларини қатъийлаштиришга чақирди.

Ҳужум ҳақида нималар маълум

Автомобиль одамлар устига юриши оқибатида Нью-Йоркда 8 киши ҳалок бўлди, яна 12 йўловчи турли даражада жароҳатланди. Ҳодиса Манҳэттенда одамлар гавжум ҳудудда, 11 сентябрь теракти қурбонлари мемориали яқинида содир этилди.

Ҳужумни содир этганидан кейин ҳайдовчи фургондан чиққан, одамлар унинг қўлида қуролга ўхшаш буюмни кўришган. Нью-Йорк полицияси уни ўққа тута бошлаган. 

«Гумонланувчи автомобилдан ўқотар қуролни эслатувчи буюм кўтариб чиқди, полиция унга ўт очди», — дейилган Нью-Йорк полицияси твиттерида.

Ҳукумат талқинига кўра, ҳужум қилган шахс — ёш эркак. Террорчи ҳақида бошқа маълумотлар келтирилмаяпти. Нью-Йорк полицияси бошлиғи Жеймс О'Нил террорчининг қўлидаги пневматик қурол бўлиб чиққанини айтди. Бу пейнтбол ўйналадиган винтовка эди.

Теракт оқибатида қурбон бўлганларнинг 5 нафари Аргентина фуқароси, яна икки киши бельгиялик.

Uber ҳайдовчиси ИШИДга алоқадор

Ҳукумат қўлга олинган шахснинг ёшидан бошқа маълумот бермаяпти. Лекин ОАВ унинг исми-шарифини билиб олди. Нью-Йоркда бегуноҳ одамларни машинада топтаб ўтган шахс 29 ёшли ўзбекистонлик Сайфулло Ҳабибуллаевич Соипов. У 2010 йилда грин-карта ютиб, Фарғонадан АҚШга келганди.

CBS телеканалининг аниқлик киритишича, Соипов Флорида штатининг Тампа шаҳрида яшаган. У шу штатда ҳайдовчилик гувоҳномаси олган.

FoxNews телеканали маълумотига кўра, у терактни содир этишидан олдинроқ Нью-Жерсида — Нью-Йоркка қўшни бўлган штатда бўлган.

Хабар қилинишича, теракт ижрочилигида асосий гумондор бўлиб турган бу шахс Uber такси хизматида ишлаган. 

Интернетда Нью-Йоркдаги терактга оид видеолар тарқалди

Пентагоннинг собиқ ходими Майкл Малуф RT билан суҳбатда ИШИД Соипов билан тўғридан-тўғри алоқада бўлган-бўлмаганидан қатъи назар тез орада ушбу теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олишини тахмин қилди.

«Нью-Йорк полицияси бу ҳодисани теракт сифатида баҳолади. Қўлга олинган шахс диний сўзлар айтган. Унинг қўлида пневматик қурол бўлган, у ўзини полиция отиб ташлашини кутган. Энди у аввалги терактлардан илҳомланганми ёки топшириқ бажарганми, шуни билиш керак. Лекин бу теракт учун жавобгарликни барибир ИШИД ўз зиммасига олади», — деб ҳисобламоқда Малуф.

Ўзбекистон Сайфулло Соипов ҳақидаги маълумотни текширмоқда

Трампнинг муносабати

АҚШ президенти Доналд Трамп Нью-Йоркдаги теракт «касал ва руҳан носоғлом одам» томонидан содир этилди, деб айтди. 

«Афтидан, Нью-Йоркдаги теракт касал ва руҳан носоғлом инсон томонидан амалга оширилган. Ҳуқуқ-тартибот органлари вазиятни синчиклаб ўрганишмоқда. Фақат АҚШдагина эмас!» — дея ёзди Трамп твиттерида.

Трамп, шунингдек, Ички хавфсизлик вазирлигига Нью-Йоркда юз берган теракт туфайли чегара назорати чораларини кучайтириш ҳақида топшириқ берди.

«Ҳозиргина Ички хавфсизлик вазирлигига чоралар ва текширувдан ўтказиш дастурини кучайтириш ҳақида топшириқ бердим. Сиёсий боадаб бўлиш яхши, бироқ бу ҳолатда эмас» — дея давом этган Оқ уй раҳбари.

Нью-Йорк мэри Билл де Блазио ҳам воқеага муносабат билдирди. «Бу терроризм акти», — деган у.

АҚШ Давлат департаментининг собиқ вакили Жим Жатраснинг ҳисоблашича, бу ҳужумни содир этган шахс радикал мусулмон бўлган тақдирда ҳам, бу воқеа Дональд Трампнинг муҳожирларнинг келишини тақиқлаш бўйича қонунига америкаликларнинг муносабатини ўзгартирмаслиги керак.

«Менимча, бу теракт мусулмон мамлакатлари аҳолисининг мамлакатга киришини тақиқлаш бўйича қонунга таъсир қилмайди. Чунки, бу қонун ортида конституцияни бузаётган федерал судьялар турибди. Ахир конституция бўйича, айнан президент мамлакатга кимни киритиш-киритмаслик бўйича охирги сўзни айтиши керак. 1979 йилда Эронда америкаликлар гаровга олинганида, президент Картер Эронга визаларни бекор қилганди. Худди шундай чеклов Барак Обама томонидан ҳам қўлланган ва ўшанда ҳеч ким эътироз билдирмаганди. Трампнинг қонуни бир суд томонидан маъқулланиб, кейингиси томонидан блокланмоқда. Менимча, бу судьялар ҳақиқий террористик таҳдидни сезишмаяпти», — дея сўзлаган Жатрас RT телеканали эфирида.

«АҚШ сиёсати маҳсули»

АҚШда ушбу теракт Қўшма Штатларнинг Яқин Шарқдаги сиёсати билан алоқадорлиги ҳақидаги фикрлар янграмоқда. Виржиния штати сенатори Ричард Блэк Вашингтон Яқин Шарқдаги радикал экстремистларни қўллаши ҳудуддаги террористик хавф ташқарига ҳам кенг ёйилишига олиб келиши ҳақида фикр билдирган.

«Шуниси қизиқки, бу ҳужум 3 минг америкалик ҳалок бўлган 11 сентябрь воқеаларига ўрнатилган мемориал ёнида содир этилди. Мен умид қиламанки, АҚШ ниҳоят Яқин Шарқдаги давлатлар ҳукуматларини ағдаришда давом этиш орқали Пандора эшигини очиб юбориб, террористик ҳужумлар тўлқинига сабаб бўлаётганини тушунади», — деган сенатор.

Нью-Йорк университети профессори Дэниэл Шоу ҳам ушбу теракт АҚШ Давлат департаменти ва Пентагон томонидан «ўзига маъқул» экстремистларни қўллаш сиёсати оқибатлари экани ҳақида гапирган.

«Бундай терактлар, албатта, АҚШнинг Яқин Шарқда олиб бораётган сиёсати билан боғлиқ бўлади. Биз терроризмнинг ҳар қандай кўринишини қораламоғимиз зарур. Қизиқ, Трамп ва мэр Де Блазио дарҳол бу ҳодисани теракт деб эълон қилишди, аммо Лас-Вегасдаги қирғиндан кейин «терроризм» сўзи бир марта ҳам ишлатилмаганди. Жиноятни икки хил стандарт билан баҳолашмоқда», — деган профессор RT журналистига.

«АҚШ террор билан урушга триллионлаб долларларни сарфламоқда»

Америка ҳукумати террорчиларга қарши кураш учун триллионлаб доллар сарфламоқда, аммо АҚШ фуқаролари ўзларини экстремистик хавфдан холи деб ҳисоблай олмайди. Бу ҳақда сиёсатшунос Пол Мартин ўз фикрларини билдирган.

«Биз Америка армияси учун бу йили қарийб триллион доллар ажратди, 2001 йили 11 сентябридан буён «террор билан уруш» учун сарфланган маблағлар миқдори 6 триллион долларга етди. Ҳар бир солиқ тўловчи америкалик бошига — 23 минг доллардан. Лекин биз бу сарфлардан кейин ўзимизни хавфдан холи сеза олаяпмизми? Менимча йўқ», — деган эксперт.

Унинг фикрича, Америка ҳукумати пулларни армияга эмас, бундай воқеаларнинг олдини олишга қаратилган ҳақиқий дастурларга сарфлаши керак — камбағалликка қарши кураш, таълим сифатини яхшилаш ва диний бағрикенгликка эришиш.

«Биз Яқин Шарқда тинч аҳолини бомбалаб, фуқаролик инфратузилмасини вайрон этмоқдамиз. Буни тўғридан-тўғри ёки билвосита амалга оширмоқдамиз», — деган америкалик сиёсатшунос.

 

Мавзуга оид