Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти етук мутахассис, педагог ўқитувчилари билан машҳур. Техника олий ўқув юрти шу каби билимгоҳлар ўртасида айнан профессор-ўқитувчилар таркиби билан ажралиб туради.

Олийгоҳда 45 йилдан буён «Грунтлар механикаси, асос ва пойдеворлар» фанидан дарс бериб келаётган ана шундай фидойи ўқитувчилардан бири — доцент Файзулло Икромовни нафақат республикамизда, ўз вақтида қўшни давлатлардан ҳам олийгоҳга келиб таълим олган кўпчилик мутахассислар яхши танийди. Пенсия ёшида бўлишига қарамасдан, ўз касби устаси бўлган доцент ҳамон ўзбек ва рус тилларида ўқийдиган гуруҳларга баб-баравар сабоқ бериб келмоқда. Домла институт миқёсида ўтказилган «Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги–2017» танловида фахрли биринчи ўринни эгаллаб, республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган.

Ф.Икромовни институт ҳовлисида учратиб қолганимда ўзини қийнаётган бир чигал масала ҳақида гапириб қолди. Келинг, буёғини домланинг тилидан баён этсак.

Домла «олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг баъзи бир раҳбар ходимлари томонидан рўй-рост «қўлингдан келганини қил, ҳар қанақасига бизнинг айтганимиз бўлади», қабилида кўп йилиик педагогнинг қадр-қимматини ерга уриб, ҳужжатларни сохталаштириб, ғайриқонуний қабул қилган қарори»дан жуда дилгир эди.

«Мен олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўтказиб келинаётган «Энг яхши ўқитувчи» республика танловининг «мутахассислик бўйича энг яхши педагог» номинациясида иштирок этдим, — деб гап бошлади доцент Ф.Икромов. — Комиссия аъзолари ТАҚИнинг ўқув ишлар бўйича проректори А.Мирисаев, вазирлик қошидаги бош илмий методик марказ ходими И.Эшмаматов, СамДАҚИнинг ўқув ишлари бўйича проректори А.Раҳимов ва бошқалар олдида ўз педагогик концепциям бўйича рус тилида чиқиш қилдим.

Комиссия аъзолари томонидан берилган саволларга тўлиқ жавоб бердим, ишлаб чиққан концепцияга комиссия томонидан бирор эътироз бўлгани йўқ. Фақат комиссия аъзоларидан бири «агар презентациянгизни проектор орқали намойиш этиб кўрсатганингизда янада яхшироқ бўларди», деди.

Мен эса видеопроектор орқали слайдлар ёрдамида маъруза қиладиган ўқитувчининг билим савияси, педагогик маҳорати юқори бўлишига шубҳа қиламан, деб жавоб бердим. Яъни, яхши билим савиясига эга бўлмаган ўқитувчи видеослайдлар орқали маъруза матнини ўқиб бериши, талабаларга кўчиртириши, тайёр чизмалар ва олдиндан тайёрлаб қўйилган формулаларни кўрсатиши билан чекланишини айтдим.

Қурилиш конструкциялари, грунтлар механикаси, асос ва пойдеворлар сингари махсус фанларни ўқитишда чизмаларни кетма-кет бажариш, формулаларнинг келтирилиб чиқарилиши талабаларнинг фикрлаш доирасини кенгайтириши ва фанни эслаб қолиш қобилиятига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидладим. Қолаверса, фидойи, ўз касбини севувчи ўқитувчи бўр ва латтанинг ҳидини ҳам эсдан чиқармаслиги керак, дедим.