
Биринчи ҳикоя
Ёш врач танишим бор. У минг орзулар билан туман поликлиникасига ишга келди. Қачон суҳбатлашсак: “Ака, тиббиёт касб эмас – фан. Тинимсиз ўқиб, ўз устида ишламаган врач ривожланишдан тўхтаб қолади” деган гапни такрорлагани-такрорлаган. Куну-тун изланиб, беморлар дарди билан яшаётган – ҳаракатдаги врач эди у. Олийгоҳда ташкилотчи бўлгани ишига халақит бергани рост. Сабаби, “каттаконлар” ташкилотчи кишида раҳбарлик қобилиятини тез англашди. Иш бошлаганига икки йил ўтмай: “Туман поликлиникасига бош шифокор бўлдим” дея қўнғироқ қилганида юрагим эзилди. Бунинг боиси ўзимга аён.
Табриклаган киши бўлдим. Қўл остидагилардан ўз ишига маъсулият билан ёндашишни талаб қила бошлагани ҳақида кўп гапириб, муассасани анча тартибга ҳам келтириб қўйди.
Ўтган ҳафта танишим ходимларини пахта теримига жалб қила олмагани сабаби билан ишдан олишибди. Поликлиникасига бордим. Йўлак тўла бемор. Ёш келинчакни қўлида биғиллаб турган чақалоқларни кўриб, таажжубланасан, киши. Врач ва ҳамшираларнинг ярми “миллий ифтихоримиз бўлган пахта йиғим-теримида” экан.
Тошкент вилоятидаги пахта далаларида шифокорлар ва андижонлик ўқитувчилар теримга жалб этилган
Бош шифокор пахта билан тиббиёт, инсон саломатлиги ўртасидаги боғлиқликни топа олмай ишдан кетибди.
Иккинчи ҳикоя
Вилоятдаги барча туманларда тузилмалари бўлган ташкилот раҳбари фиғони фалакка чиқиб айтиб берди: “Барча муассасаларимиздан 5 нафардан ходим олиб, чекка туманга ётоққа теримга борадиган бўлдик. Шарт-шароитлар билан танишгани борганимизда, чўл туманида бир вақтлар минерал ўғитлар дорихонаси бўлган бинони кўрсатишди. Ҳеч қандай тайёргарлик кўрилмаган жой экани маълум бўлгач, туман мутасаддилари ва агромассив раҳбарларига қилган мурожаатлар елка қисиш билан якунига етди. 55 нафар киши учун ётоқ, овқатланиш жойи, ҳожатхонани эпақага келтиришга икки кун вақт сарфладик. Табиийки, барча харажатлар ўзимизнинг ҳисобимиздан. Энг қизиғи терим бошланганида бўлди. Пахта теримига тушгач, уни олиб кетгани трактор йўқ. Фермерга қўнғироқ қилсак у келиб: “Мана хўжалик муҳри. Ўзинглар териб, трактор топиб, пахта пунктига топшириб келаверасизлар” дейди.















