Халқимизда «шериклик ошни ит ичмас» деган мақол бор. Қуйида сизга ҳикоя қилиб бермоқчи бўлаётган воқеамизда ана шу мақолга ҳаётий мисолни кўриб, ота-боболаримиз бежизга бу гапни айтиб кетишмаганига гувоҳ бўласиз. Ушбу воқеани кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилишдан мақсадимиз ҳам «ҳисобли дўст айрилмас», деганларидек, олди-берди муносабатларда кейинчалик тушунмовчилик келиб чиқмаслиги учун қандай йўл тутмаслик кераклигини муштарийларимизга билдириб қўйиш. Зеро, ҳар қандай одамнинг оласи ичида.

Таҳририятга шикоят келиб тушди

2017 йилнинг 15 сентябрь куни самарқандлик тадбиркор, Пайариқ тумани Челак шаҳарчасида фаолият кўрсатадиган «Тангем Аббос» хусусий корхонаси раҳбари Ачилов Набининг шахсан ўзи шикоят хати ва унга тегишли ҳужжатларни KUN.UZ махсус мухбирлари Ш.Шокиржонов ва Т.Раҳматовга топшириб, вазиятни тушунтириб берди.

Айни пайтда Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан ЖКнинг маълум бир моддаси сифатида айбланувчи, деб топилиб, эҳтиёт шарт сифатида қамоққа олиниши мумкинлигидан қочиб юрган Н.Ачилов бошига тушган кўргуликлар ҳақида ўшанда шундай ҳикоя қилиб берган эди:

— Мен умумий овқатланиш корхонаси ва савдо дўконига эга бўлган «Тангем Аббос» корхонасини 2007 йили январь ойида очиб, ўшандан бери юритиб келаётган эдим. Ошхонамиз Челак шаҳарчасида тилларга тушди. Мижозларимиз кундан кунга кўпаяётган эди. Турли соҳада ишловчилар келиб, ошхонамизда тамадди қилиб кетишарди.

Ана шундай кунлардан бирида «Халқ банки»нинг Пайариқ туман бўлими ходимлари ўзаро суҳбат асносида менга ишлаб чиқариш учун кредит ажратишда ёрдам қилишлари мумкинлигини айтишди. Мен бунча кредитга гаров мулким йўқлигини айтиб, рад жавобини бердим.

(Қайд этиб ўтиш керакки, ўша даврда Пайариқ туман «Халқ банки» бўлими раҳбарлари ва ходимлари фуқароларнинг омонат пулларини ўзлаштириб юбориб, «довруғ» қозонган, жиноят ишлари очилган — бу энди мутлақо бошқа мавзу)

Мен билан ака-укачилик қилиб, олди-берди қилиб юрган инсон — Мамасаид Игамов ҳам ушбу суҳбатда бор эди. «Кредитни олиш керак, менда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган дастгоҳлар бор, ўшани кредит маблағлари ҳисобига харид қилиб, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариб, Челак шаҳарчасини таъминласа бўлади», деди. Бу пайт 2013 йилнинг октябрь-ноябрь ойлари эди.

«Менда бунинг учун цех ҳам, кредит гарови учун мулк ҳам йўқ-ку, — дедим. — Боз устига, савдо дўконим фаолиятини йўлга қўйиш учун «Савдогарбанк»дан бироз кредит олганман, ҳисоб рақамим ҳам ўша банкда».