Зимбабве пойтахти Харареда, президент Роберт Мугабе қароргоҳи яқинида отишма овозлари эшитилмоқда. Бу ҳақда AFP гувоҳларга асосланган ҳолда хабар тарқатган.

«Унинг уйи яқинида 30-40 марта ўқ овози эшитилди»,— деган жаноб Мугабенинг қароргоҳига яқин ҳудудда яшовчи фуқаролардан бири.

Бундан аввалроқ Харареда бир неча портлашлар содир бўлгани ҳақида хабарлар берилганди.

14 ноябрь куни пойтахтга кирган ҳарбийлар Зимбабве давлат телерадиокомпаниясини эгаллашганди.

Айни вақтда мамлакатда давлат тўнтарилиши бошлангани айтилмоқда.

Фото: Генерал-майор С.Б.Мойо 

Бироқ бироз аввалроқ ҳарбийлар телевидение орқали чиқиш қилиб, президент Мугабе хавфсиз жойдалиги, бу ҳаракатлар исён эмаслиги, уларнинг мақсади президентнинг атрофидаги кишиларга қарши қаратилгани ҳақида айтишганди.

37 йилдан буён Мугабе томонидан бошқариб келинаётган Зимбабведа сиёсий инқироз шу ой бошида бошланганди. 6 ноябрь куни Мугабе вице-президент, ўз вориси сифатида қаралувчи 75 ёшли Эммерсон Мнангагвуни жодугарлар ёрдамида ҳокимиятни қўлга олишга уринишда айблаб истеъфога чиқариб юборганди.  

Фото: Эммерсон Мнангагва / The Herald

Мнангагва ва унинг тарафдорлари мамлакатдаги ҳукмрон “Зимбабве Африка миллий иттифоқи – Ватанпарварлик фронти” партиясига қарши яширин гуруҳ яратиш йўли билан президентни ҳокимиятдан четлатишни режалаштиришгани маълум қилинди. Мнангагву мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Баъзи нашрларга кўра, Мугабе ўз ворисини рафиқаси Грейс Мугабенинг қутқуси билан ҳайдади. Кейинроқ Грейс Мугабе унинг ўринбосари этиб тайинланиши ҳақида хабар қилинди.

Фото: Грейс Мугабе / Reuters

Октябрь ойида Мнангагву 52 ёшли Грейсни ўз жонига суиқасд қилишда айблаганди. Грейс Мугабени Zanu-PF партиясининг ёшлар қаноти қўллаб-қувватламоқда ва у Роберт Мугабенинг ўрнини эгаллаши мумкин.