Эрон ва Саудия Арабистони азалдан минтақадаги етакчиликни ўз қўлига олиш учун рақобат қилиб келади, аммо кейинги вақтларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар янада кескинлашди.

Муҳаммад ибн Салмон ва Ҳасан Руҳоний / GETTY IMAGES

Икки давлат ҳам Яқин Шарқда ўз тарафдорларига эга, шу туфайли минтақада бир қадар кучлар мувозанати юзага келган. BBC Яқин Шарқдаги нуфуз учун курашни таҳлил қилди.

Саудия Арабистони

Бу қиролликнинг асосий аҳолиси суннийлар, бу ўлка ислом дини ватани ҳисобланади ва бу ўлкада муқаддас қадамжолар жойлашган. Бундан ташқари, қироллик улкан нефть захираларига эга ва қора олтин экспорти эвазига дунёнинг энг бой давлатларидан бирига айланган.

Саудия Арабистони доимо Эрон Яқин Шарқдаги ўрнини янада мустаҳкамлаб, етакчига айланишидан хавфсираб келади, шиалар давлатининг таъсири кенгайишини истамайди.

Саудия Арабистони ва Эрон ўзаро душманона муносабатларда бўлишини АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам маъқуллайди, АҚШ Теҳронни ўзининг асосий душманларидан бири сифатида билади.

Саудия Арабистони тахтининг ёш ва шижоатли валиаҳди, шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон айни вақтда қўшни Яман ҳудудида исёнчи ҳусийчиларга қарши кураш олиб бормоқда. Саудияликлар Эронни исёнчиларни қўллаб-қувватлашда айблайди, Теҳрон бу айбловни қатъиян рад этади.

Саудия Яманда ҳусийчиларга қарши араб коалициясига бошчилик қилади / GETTY IMAGES

Саудия Арабистони ўз навбатида Сурияда Башар Асадни ағдариш учун кураш олиб бораётган кучларни қўллаб-қувватлайди. Башар Асад эса Эроннинг асосий иттифоқчисидир.

Саудия Арабистони қуролли кучлари - минтақадаги энг кучли армиялардан бирига эга, Ар-Риёд дунёдаги энг йирик қурол импортёрларидан бири. Саудия армияси 227 минг аскардан ташкил топган.

 

Эрон

Эрон 1979 йилда шоҳ тахтдан ағдарилгач, Ислом республикасига айланган. Сиёсий ҳокимият оятуллоҳ бошчилигидаги мутаассиб диндорлар қўлига ўтган.