Ўзбекистон | 17:20 / 18.11.2017
62255
3 дақиқада ўқилади

Фото: Тошкент узра ҳарбий вертолётларда Ўзбекистон байроғи олиб ўтилди

Тошкент шаҳрида Мудофаа вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг қабул қилинган кунига бағишланган 10 км масофага оммавий югуриш акцияси ўтказилди.

«Мустақил Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу азим юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, ифтихор бағишлайди. Давлат байроғи маънавиятнинг энг муҳим тимсоли бўлиб, она ватанга ифтихор ва чексиз ҳурмат туйғусини тарбиялайди», дейилади Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Шу муносабат билан ҳамда енгил атлетика спорт турларини янада оммалаштириш, аҳоли, ёшлар ва ҳарбий хизматчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда уларнинг ватанпарварлик туйғуларини янада ошириш мақсадида Қуролли Кучлар тузилмаларининг вазирлик ва идоралари ҳарбий хизматчиларидан иборат 23 жамоаси уч ёш тоифада (35 ёшгача, 45 ёшгача ва 45 ёшдан юқори) оммавий югуриш акциясида иштирок этди.

Оммавий югуриш Тошкент шаҳрининг Махтумқули кўчасидаги «Авиатор – корзинка» мегамаркетидан бошланди.

Тадбир давомида Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан куй ва қўшиқлар ижро этиб борилди.

Байрамона тадбирни югуриш йўналиши бўйича ва Тошкент кўчалари бўйлаб Мудофаа вазирлигига қарашли «AS-350» русумли вертолётларида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг намойишкорона олиб ўтилиши якунлаб берди.

Иккита AS-350 вертолёти қуйидаги йўналиш бўйича парвоз қилган: Муқимий кўчаси, Амир Темур хиёбони (бу ерда катта доира ҳосил қилинди) — Амир Темур кўчаси — Тошкент телеминораси — Ҳайвонот боғи — Марказий ҳарбий госпиталь — Академиклар шаҳарчаси — Мирзо Улуғбек кўчаси — Паркент кўчаси — Тузель.

Акция Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилди. 

Оммавий югуришда ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

 

Мавзуга оид