Жаҳон | 10:22 / 22.11.2017
22115
2 дақиқада ўқилади

Трамп ва Путин Марказий Осиёдаги вазиятни ҳам муҳокама қилган

Фото: РИА «Новости»

АҚШ ва Россия президенти Дональд Трамп ҳамда Владимир Путин телефон мулоқоти давомида террорга қарши кураш, Сурия, Украина ва КХДР бўйича ҳамкорликни муҳокама қилган. Бу ҳақда Оқ уй хабарида айтилади.

Оқ уй маълумотларига кўра, мулоқот бир соатдан ортиқ давом этган.

"Президентлар Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммитида 11 ноябрь куни берилган қўшма баёнотни қўллаб-қувватлашларини тасдиқлашди. Ҳар икки президент БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2254-сон резолюцияси амалга оширилиши, БМТ шафелигидаги Женева жараёни қўллаб-қувватланиши муҳимлигини таъкидлаб ўтишди. Бу Суриядаги фуқаролик урушига тинч йўл билан ечим топишда, гуманитар инқирозга якун ясашда, суриялик қочқинларнинг ўз уйларига қайтишларида, ягона Сурия барқарорлигини таъминлашда керак", - дейилади хабарда.

"Президентлар Яқин Шарқ ва Марказий Осиёда терроризм билан биргаликда кураш олиб бориш муҳимлигини таъкидлашди, шунингдек, ИШИД, “Ал-Қоида”, “Толибон” ва бошқа террорчилик ташкилотлари билан кураш бўйича бўлажак ҳамкорлик йўлларини ўрганиб чиқишга розилик беришди", - дейилади Оқ уй хабарида.

"Президент Трамп ва президент Путин Украинада узоқ муддатли тинчликка эришишни, Шимолий Кореяга халқаро босимни давом эттириш лозимлигини ҳам муҳокама қилишган", - дея хулоса қилишган Оқ уйдан.

АҚШ етакчиси Дональд Трамп эса РФ президенти билан телефон мулоқотини “ажойиб” ва “мустаҳкам” деб атаган.

Мавзуга оид