2018 йилда транспорт соҳаси учун 5 башорат: космосдаги туристлар ва учар Теслалар
Fortune нашри 2018 йилда транспорт соҳасида рўй бериши мумкин бўлган янгиликларга доир 5 башоратини эълон қилди. Нашр бугунги кунда етишган ютуқларимизга қараб, келгуси йилда ер ости, ер усти ва космик транспортлар билан нималар рўй беришини тахмин қилиб чиққан.
Пилотсиз бошқарилувчи машиналар йўлларда буғуларни уриб юборади
Пилотсиз бошқарилувчи автомобиллар иштирокидаги авариялар онда-сонда учраб тургани боис, бундай воқеаларнинг ҳар бири бутун сайёра бўйлаб тарқалмоқда. 2018 йилда пилотсиз бошқарув дастурлари синовлари шу қадар кўпаядики, уларнинг иштирокидаги бахтсиз ҳодисалар ҳам статистик жиҳатдан ошади. Рулдаги инсонсиз синов ўтказиш учун янгидан янги зоналар вужудга келади. Буларнинг барчаси технологияларнинг ривожланишига, шунингдек, қурбонларга олиб келади. Масалан, синалаётган машина олдига ўрмондан буғу югуриб чиқади.
Hyperloop — геосиёсий мусобақа қуролига айланади
Мамлакатлар бу лойиҳани амалга ошириш тезлиги бўйича мусобақалашишга ўтади, лекин ҳали уни ҳаётга татбиқ этишга эрта. Ғоя Яқин Шарқда кўпроқ машҳурликка эришган. Чўнтаклари чуқур маҳаллий инвесторлар унга маҳкам ёпишиб олишган. Ўшандан бери лойиҳаларни амалга ошириш бўйича оламшумул муддатлар пайдо бўлмоқда — улар учун бу ўзига хос қуролланиш пойгаси. Fortune’нинг ҳисоблашича, шарқий мамлакатлар учун лойиҳа амалий аҳамиятдан кўра, нуфуз жиҳатидан муҳимроқ. 2018 йил ҳам буни тасдиқлаб беради. Hyperloop’нинг асосий қисми айнан Hype бўлади. Яна у ёки бу жойда Hyperloop’нинг янги тармоғи қурилаётгани ҳақида янгиликлар таралиб туради. Ишланмаларнинг ўзи эса ўртача тезликда амалга оша бошлайди.
Электромобиллар савдоси ниҳоят 1 миллиондан ошади
LMC Automotive’нинг башорат қилишича, 2018 йилда электрокарларнинг савдоси жорий йилга нисбатан 70 фоизга ошади. Бутун дунё бўйлаб тахминан 1 миллионта автомобиль сотилади.
Туристлар коинотга парвоз қилишади
2018 йилда Маск ва Брэнсон коинотга туристик кемаларни учиришмоқчи. Брэнсон яқинда ўз кемасида ярим йилдан кейин парвоз қилишга тайёр эканлигини айтиб ўтган эди. Нашрнинг ёзишича, кемадаги илк йўловчилар юлдузлар бўлишади ва бу ҳам трендга ўхшаш нарса бўлади. Ҳамма ҳам Маск ва Брэнсоннинг кемасида учиб кўришни истаб қолади.
Tesla учар автомобиль ишлаб чиқаришини эълон қилади
Нашрнинг энг баландпарвоз башорати. Тахмин қилинишича, Кремний водийсида учар автомобиллар устида иш олиб бораётган компанияларнинг концентрацияси шундай даражага етишганки, Илон Маскнинг бу соҳага ҳам ўзини уришдан бошқа иложи қолмайди. У бу борада ўзининг шахсий компаниясини тузади ва шаҳарлар ичида учиб юрувчи аппарат яратиш учун Kitty Hawk ва Uber билан бир қаторда ишни бошлайди.
Мавзуга оид
23:39 / 08.11.2024
Tesla капитализацияси 1 трлн доллардан ошди
10:57 / 07.11.2024
АҚШда дунёдаги энг тезкор полиция машинаси тақдим этилди
11:49 / 06.11.2024
Айрим шахсларга темирйўл транспорти ва автобус учун бепул чипталар берилади
23:09 / 24.10.2024