Самарқанд вилоят матбуот марказида «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси томонидан 2017–2018 йилларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда журналистлар, электр энергияси таъминоти корхоналари ходимлари ва туманлардан вакиллар иштирок этишди.

Анжуманни «Ўзбекэнерго» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Рўзиқул Райимов кириш сўзи билан очди.

Р.Райимов вилоятда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўрилаётгани юзасидан трансформатор подстанциялари янгиланаётганини айтиб ўтди. Жумладан, «Чўпонота» подстанциясига иккита 200 МВтлик янги трансформатор подстанцияси ўрнатилгани, Самарқанд шаҳрида магистрал электр тармоқлари учун иккита 200 МВтлик янги трансформатор ўрнатилгани таъкидланди.

Каттақўрғон ҳудудида ҳам худди шу қувватдаги трансформатор подстанцияси келтириб, ўрнатиш лойиҳалаштирилаётганини айтиб ўтди. Магистрал электр тармоқлари тўлиқ янги трансформатор подстанциялари билан жиҳозланиб бўлгач, электир энергияси узатишда умуман узилишлар бартараф этилиши таъкидланди.

«Галдаги вазифа Самарқанд тумани – Афросиёб ҳудуди тармоқни янгилаш бўлади. У ерга 2 та 40 МВтлик трансформатор ўрнатилди. Яна бир оғир ҳудуд, кейинги йилларда электрсизликдан қишда жуда қийналган туман — Ургут туманидир. Ургутда эркин саноат зонасини узлуксиз ток билан таъминлаш учун битта трансформатор ишлаб турган эди. Лойиҳалаштириш иккита алоҳида янги 25 МВтлик трансформатор подстанцияси 10 декабргача ишга туширилади», — деди Рўзиқул Райимов.

«Самарқанд шаҳридаги «Боғишамол» ва Нарпай туманида эса «Тинчлик» подстанциялари янги 4 МВтлик подстанцияларга алмаштирилмоқда. Йиллар давомида бундай катта ҳажмдаги иш қилинмаган эди. Вилоятда 8 та йирик трансформатор подстанцияси буткул янгисига алмаштирилмоқда».

«Самарқанд вилоятида улуксиз электр энергияси таъминоти бўладими?» деган саволга жавоб беришимиз керак. Албатта, бунга эришса бўлади, лекин қарс икки қўлдан чиқишини унутмаслигимиз лозим. Аҳоли ҳам иқтисод қилиш, энергия тежовчи лампалардан фойдаланиш, тўловларни вақтида амалга ошириш каби чоралар билан пешвоз чиқиши керак.

Яқинда Президентимиз бу соҳада яна бир муҳим қарорни имзолади. Икки ставкали тарифлар борасида. Бизда энг қийналаётган қатлам айнан аҳоли қатлами. Чунки катта-катта заводларимиз, ишлаб чиқарувчи корхоналар узлуксиз, тўлиқ электр энергияси билан таъминланади. Энг кўп электр энергияси сарф қилинадиган соатлар кечки соат 6 дан 9 гача, эрталабки соат 6 дан 8 гача — мана шу 5 соатлик тиғиз вақт ичида электр энергияси билан тўлиқ таъминланиши керак. Бу борада ҳам муайян ишлар амалга ошириб борилмоқда».