Жаҳон | 08:56 / 25.11.2017
11208
2 дақиқада ўқилади

Мисрда терактдан кейин 30 жангари ва уларга тегишли қурол омборлари йўқ қилинди

Фото: AFP

Миср ҳарбий-ҳаво кучлари Синай яриморолидаги Ар-Рауд масжидидаги терактга алоқадор бўлган жангариларнинг транспорт воситалари ва уларга тегишли қурол-аслаҳа ва ўқ-дори омборларини йўқ қилди. Бу ҳақда Миср қуролли кучлари вакили Тамер Рифаийга иқтибос келтирган ҳолда Al Arabiya телеканали хабар бермоқда. 

24 ноябрда Шимолий Синай вилоятидаги Бир-ал-Обод қишлоғида жойлашган ар-Рауд масжидига жума намози вақтида ҳужум қилинди. Террорчилар масжид ичида бомбани портлатгач, у ердан саросимада югуриб чиқаётган одамларни ўққа тутганлар. Ҳужум оқибатида охирги маълумотларга кўра, 235 киши ҳалок бўлган, 130 дан кўпроқ киши жароҳат олган.  

“Масжиддаги терактга алоқадор бўлган террорчилар таъқиб қилиниши вақтида ҳарбий-ҳаво кучлари шафқатсиз терактда қўлланган бир нечта транспорт воситаларини йўқ қилди”, деб айтган Рифаий.

Шунингдек, Синай яриморолининг марказидаги Ар-Рисан қишлоғида ўтказилган рейд давомида хавфсизлик кучлари терактга алоқадор 30 жангарини йўқ қилганлар.

Телеканалнинг таъкидлашича, терактдан кейин Миср ва Ғазо сектори чегарасида жойлашган Рафаҳ шаҳридаги назорат-ўтказиш пункти ёпиб қўйилган.

SkyNews Arabia телеканали маълумотларига кўра, махсус кучлар ҳужумга тайёргарлик кўрилган экстремистлар машғулот лагерларини қидиришмоқда.

“Жафокашлар учун ўч” деб номланган операция терактдан бир неча соат ўтиб Синай шимоли ва марказида бошланган. Миср президенти ва бош қўмондони Абдул Фаттоҳ ас-Сисий буйруғига кўра, террорчиларни таъқиб қилишга полиция ва армия бўлинмалари жалб қилинган. Операция мамлакат қуролли кучлари, ҳарбий-ҳаво кучлари ва ички ишлар вазирлигининг умумий қўмондонлиги назоратида ўтказилмоқда.

Мавзуга оид