Қирғизистоннинг Жогорку Кенеши депутат Асқарбек Шодиев номзодини Қирғизистон бош вазири биринчи ўринбосари лавозимига маъқуллади. Ушбу қарор парламентнинг 6 декабридаги йиғилишида қабул қилинди.
Асқарбек Шодиев “Бир Бол” фракциясидан халқ депутати ҳисобланади. У Қирғизистонда давлат ишига ўтиш вақтида ўзининг депутатлик мандатини сақлаб қолаётган илк депутат бўлди. Бунга эндиликда 1 декабрда кучга кирган Қирғизистон конституциясига тузатмалар имкон беради.
Тузатмаларга кўра, депутат парламент йиғилишларида овоз бериш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда бош вазир ёки унинг биринчи ўринбосари бўлиши мумкин.
Шодиев ёнилғи-энергетика мажмуасини назорат қилади. У 2010-2012 йилларда Қирғизистон энергетика вазири сифатида фаолият юритган.

















