Раҳбар – халқ дарди билан яшовчи, унинг иссиқ-совуғига, оғир-енгилига масъул шахс. Агар у таълим соҳасида бўлса, бу масъулият юз чандон ортади. Хўш, жойларда айнан мана шу йўналишда нималар бўляпти?
KUN.UZ таҳририятига Андижон шаҳридаги 1-умумий ўрта таълим мактабида меҳнат қилувчи бир гуруҳ ўқитувчилардан мурожаат келиб тушди. Унда айтилишича, мактаб раҳбариятининг нўноқлиги ва белгиланган стандарт қоидалари бўйича иш олиб бормаслиги мазкур даргоҳда таълим тизимининг парокандаликка юз тутишига сабаб бўлмоқда. Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида KUN.UZ мухбири Андижон вилоятига йўл олди.
Маълум бўлишича, мактаб директори Олга Чен лавозимида ишлаб турган пайтда прокуратура ходимлари унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноий Кодексининг 167-моддаси 2-қисми «б», «в», «г» бандлари, 205-моддаси 2-қисми «в» банди, 209-моддаси 2-қисми «а» банди билан айблов эълон қилиб, жиноий иш қўзғатган. Шундан сўнг, Олга Чен лавозимидан четлатилганди.
Аммо Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси томонидан, шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевнинг тавсиясига кўра, Ченни яна мактаб директорлигига тайинлаш ҳақида буйруқ чиқарилади. Вазиятни ўрганиб чиққан Андижон шаҳар прокуратураси вилоят халқ таълими бошқармасининг жорий йилнинг 17 июль куни қабул қилган буйруғини бекор қилиш тўғрисида протест киритган. 14 сентябрда шаҳар прокуратурасининг тақдимномаси асосида юқорида қайд этиб ўтилган буйруқ бекор қилинади.
Соддароқ қилиб айтганда, ноқонуний буйруқ асосида фаолият юритаётган мактаб директори ўз лавозимидан четлаштирилди. Лекин иш шунинг билан якунланмай, Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Равшан Эргашев 1-умумий ўрта таълим мактаби ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосарига мактабга янги директор тайинлангунига қадар, барча ҳужжатларга биринчи имзо қўйиш ҳуқуқи билан вақтинча директор вазифасини бажариб туришни юклайди. Ваҳоланки, мактаб директори лавозимидан бўшатилган Олга Чен эндиликда ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосарига айланиб, раҳбарлик лавозимини яна қўлга киритиши мумкин эди. Воқеа айнан шундай хотима топмоқда.
Давлат раҳбари ҳам ишни ташкил этиш ва халқ учун хизмат қилиш кераклигини минг бор такрорламоқда, буни барча қуйи раҳбарларга уқтирмоқда. Шунинг баробарида отаси ёки яқин қариндошининг айби билан ёш мутахассиснинг касбий ривожланишига йўл қўйилмаслиги, судланган, лекин айбига иқрор бўлган шахсларни жамиятга қайтаришга ёрдам бериш ҳақида сўз юритмоқда.
Бу гапларнинг асл моҳиятига яхши тушунмаган Андижон шаҳар халқ таълими бўлими 1-умумий ўрта таълим мактабига янги директорни тайинлашда ўрнатилган тартибга кўра, учта номзодни кўрсатишга шошилмаяпти. Сабаби, бу лавозим ҳали вакант эмас, яъни мактаб директорининг бўшатилгани ҳақида буйруқ вилоятдан пастга туширилмаган. Таълим тизимида оддий менежмент қоидаларини ўрната олмаган, давлат мол-мулкини талон-тарож қилиб, ўз мансабини суистеъмол қилган директор ҳар қандай усул билан лавозимини сақлаб қолаверадими?! Бу савол ҳанузгача очиқ қолмоқда...

















