Ўзбекистон | 12:31 / 11.12.2017
48578
2 дақиқада ўқилади

Косонсой сув омбори бўйича вазият қандай?

Қирғизистон Республикаси Жўқорғу Кенешининг Аграр сиёсат, сув ресурслари, экология ва минтақавий ривожланиш бўйича қўмитаси Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги Косонсой сув омборидан давлатлараро фойдаланиш тўғрисидаги битим ратификациясини уч ўқишда маъқуллади. Қарор қўмитанинг 11 декабрь кунги йиғилишида қабул қилинди.

Сув хўжалиги ва мелиорация вазири Нурбек Мурашевнинг хабар қилишича, битим давлатлар ўртасида 2017 йилнинг 6 октябрь куни Тошкент шаҳрида имзоланган.

Таъкидланишича, давлат ичидаги барча жараёнлар якунланганидан сўнг сув омборини бошқариш Қирғизистон томонига тўла ўтади. «Агарда аввал бошқарув Ўзбекистонда бўлган бўлса, эндиликда, давлат ичидаги барча жараёнлар якунланганидан сўнг, бошқарув бизга ўтади, у Сув хўжалиги департаментининг балансида бўлади», - дея айтиб ўтди у.

Фото: АКИpress

«Республика – Ата-Журт» партиясининг парламентдаги фракцияси депутати Рада Туманбоева Қирғизистон сув омборини керакли даражада сақлаш учун лозим бўлган барча маблағларни ажратишга тайёрлиги билан қизиққан. 

«Битимга мувофиқ, Ўзбекистон томони сув омборидан фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича харажатларни молиялаштиришда ва олинаётган сув ҳажмига мос бўлган бошқа мувофиқлаштирилган ҳаракатларда улуш асосида иштирок этади», - дея хабар берди Н.Мурашев.

Депутатлар объектни қўриқлаш ишлари қандай олиб борилиши масаласи билан ҳам қизиқишди.

«Айни дамда Ўзбекистон ИИВнинг 20 ходими бир ойда бир маротаба ҳудудга ўзларининг қўриқлаш бўйича мажбуриятларини бажариш учун киришади. Бироқ, агарда битим ратификация қилинса, қўриқлаш масаласи бизга ўтади. Сув омбори республикамиз ичига қараб 13 километрлик масофада жойлашган, бу чегара ҳудуди саналмайди», - дея хабар берган Давлат чегара хизмати раҳбари ўринбосари.

Аввалроқ Косонсой сув омбори тўғони майдонининг ҳудуди 850 гектар келиши хабар қилинганди. 2013 йилдаги маълумотларга кўра, сув омбори ҳудудида 47 ҳовли бўлган ва 271 инсон истиқомат қилган.

Мавзуга оид