Спорт | 11:29 / 11.12.2017
26266
2 дақиқада ўқилади

Моуриньо Манчестер дербисидан кейин рақиб дарвозабонини урди

Англия чемпионати 16-тури доирасида кечган «Манчестер Юнайтед» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги дерби учрашувдан кейин можаро рўй берган. Бу ҳақда The Telegraph хабар тарқатди.

Хабар қилинишича, меҳмон жамоа футболчилари «Олд Траффорд» стадиони кийим алмаштириш хонасида ғалабани катта хурсандчилик билан нишонлаши «Манчестер Юнайтед» мураббийи Жозе Моуриньога ёқмаган.

Шундан сўнг, Моуриньо бир неча футболчиси билан у ерга кириб, мусиқа овозини пасайтиришни ва секинроқ байрам қилишни сўраган. У «Сити» футболчиларининг бу ҳаракатларини жамоасига нисбатан ҳақорат деб баҳолаган ва у отган сутли идиш меҳмонлар жамоаси дарвозабони Эдерсоннинг бошига бориб теккан. Дарвозабон эса мураббийга қарата португал тилида қаттиқ гаплар гапирган. Шундан кейин оммавий муштлашув бошланиб кетган. 

Манба маълумотига кўра, Хосеп Гвардиоланинг ёрдамчиси Микел Артета кийим алмаштириш хонасини юзи қонга бўялган ҳолда тарк этган. «Юнайтед» футболчиларидан Ромелу Лукаку ушбу жанжалда фаоллик кўрсатган.

Daily Mail вазиятни бироз бошқачароқ ёритмоқда. Моуриньо матбуот анжуманига бораётганида, дарвозабон Эдерсонни учратиб қолган. Португалиялик мутахассис ундан рақибни ҳурмат қилишни талаб қилган, шунда айтишувга бошқа футболчилар ҳам аралашган. Дарҳол кичик тортишув юзага келган. Футболчилар бир-бирини турта бошлаган. Шундан сўнг, можарога хавфсизлик хизмати ходимлари аралашиб, жанжалкашларни ажратган.

«Сити» вакиллари гапига кўра, жанжалга Жозе Моуриньо сабаб бўлган. У «шаҳарликлар» футболчиларига қарата нолойиқ сўзларни айтган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу дерби учрашувидан кейин «Манчестер Сити» энг яқин таъқибчиси «МЮ»ни турнир жадвалида 11 очкога ортда қолдира бошлади.

Мавзуга оид