Ўзбекистон шахмат федерацияси ўзбекистонлик халқаро гроссмейстер Антон Филипповнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишига расмий муносабат билдирди.
«Ҳар бир спортчи учун ўзи туғилиб ўсган мамлакат шарафини ҳимоя қилиш улкан шарафдир. Профессионал спортга қадам қўйган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси, шубҳасиз, ўз олдига халқаро ареналарда ватан шаъни, миллат ғурури учун курашишни мақсад қилиб қўяди. Буни у жар солиб эълон қилмайди. Вақти келиб, муносиб ёшларга ўрнини бўшатиб бераётганда ҳам.
Анчадан буён шахмат бўйича миллий терма жамоа чақирувларига рад жавобини бериб келаётган Антон Филиппов эса, терма жамоадан кетишини негадир «сенсация» тарзида эълон қилишга жазм этди.
Антон Филиппов Ўзбекистон терма жамоасини тарк этиши тўғрисида олдин ҳам, яъни 2013 йили ўтказилган Ўзбекистон шахмат федерацияси ижроия қўмитаси йиғилишида ҳам билдирган эди. Ўшанда Филиппов агар ҳар йили унга 6000 АҚШ доллари миқдорида пул тўланмаса, терма жамоани тарк этишини маълум қилганди. Албатта, Федерация ушбу «ультиматум»га жавобан, шахматчи имкон доирасида рағбатлантирилишини маълум қилган, жумладан, унинг халқаро мусобақаларда иштирок этиши учун Тошкент-Олмаота-Тошкент ва Олмаота-Шаржа-Олмаота йўналиши бўйича авиачиптаси пули тўлаб берилган эди.
Антон Филипповнинг миллий терма жамоа аъзосига тўланадиган компенсация берилмагани учун миллий терма жамоани тарк этишини маълум қилгани қизиқ ҳол, албатта. Чунки, шу йилнинг сентябрь ойига қадар унга ушбу компенсация тўлаб келинди. Савол туғилади? Антон Филипповга миллий терма жамоа рўйхатида бўлиш келгуси мақсадларини амалга ошириш учун халақит беряптими? Нима учун бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Спорт ўйинлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби ва Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбариятини ёзма равишда огоҳлантирмасдан, айнан интернет саҳифаларида бу қарорини эълон қилмоқда?
Антон Филиппов Ўзбекистонда спортга, жумладан, шахматга берилаётган эътибор тўғрисида заррача ҳам маълумотга эга эмас кўринади. Унинг халқаро гроссмейстер даражасига эришишида давлатимиз уни халқаро спорт мусобақаларига юбориб келгани катта рол ўйнагани ёдидан кўтарилган кўринади.
Акс ҳолда, «6000 АҚШ доллари бермасаларинг, Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилмайман», дермиди?! Бунинг асл сабаби, ҳозирги вақтда Қозоғистонда истиқомат қилаётгани ва Қозоғистон фуқароси Виктория Сергеевага уйлангани эмасмикан?
Айтиш лозимки, кўплаб халқаро гроссмейстерларимиз хорижий давлатларда ишлаб, ўз мураббийлик маҳоратини ошириб келмоқда. Кўпчилиги ҳозирги вақтда Ўзбекистонга қайтиб мураббийлик фаолияти билан шуғулланмоқда. Уларнинг ҳеч бири томонидан ҳеч қачон Ўзбекистон шахматига хизмат қилиш борасида эътирозлар билдирилмаган.
















