Спорт | 12:00 / 13.12.2017
29205
2 дақиқада ўқилади

Неймар яна қилиқ кўрсатмоқда

© AP Photo

«ПСЖ» ҳужумчиси Неймар Франция Лигаси Кубоги доирасида «Страсбур»га қарши кечадиган ўйинни ўтказиб юборади.

Парижликлар жамоаси бош мураббийи Унаи Эмери маълум қилишича, 25 ёшли форвард оилавий масала туфайли Бразилияга йўл олган.

«Шанба куни эрталаб у менга қўнғироқ қилди ва қандайдир оилавий иши чиқиб қолганини айтди. У мендан Бразилияга кетишга рухсат сўради, айтишича, бу унинг учун жуда муҳим эмиш», – дея Эмерининг сўзларини келтирган ESPN.

У айни вақтда Парижга қайтиб келган, аммо «Страсбур»га қарши ўйин қайдномасига киритилмаган. Юри Берчиче эса дисквалификация туфайли майдонга тушмайди.

Шунингдек, ушбу ўйинда жамоа ҳимоячилари Тиаго Силва ва Левен Курзава, хавбеклар Адриен Рабьо ва Тиаго Мотта ҳам жароҳат туфайли ўйнамайди.

«Страсбур» – «ПСЖ» учрашуви 13 декабрь куни ўтказилади. Бироз аввалроқ, чемпионат доирасида ҳам ушбу жамоалар учрашганди ва ўшанда парижликлар мавсумдаги илк мағлубиятни қабул қилиб олишганди.

Шу йилнинг ёзида 222 миллион евро эвазига Парижга келган Неймар «Барселона»нинг ўйинларини ҳам бир неча марта қариндошларининг туғилган кунларига кетгани учун ўтказиб юборганди. Қолаверса, у «ПСЖ»да жамоадошлари ва мураббий билан яхши муносабатлар ўрната олмаяпти. Айни вақтда унга «Реал»дан жиддий қизиқиш борлиги ҳақида хабарлар тарқалган.

Мавзуга оид