Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий эркинлигини ошириш, маҳаллий бюджетларга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш бўйича солиқ ва молия органлари жавобгарлигини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони эълон қилинди.
Фармон маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини тубдан мустаҳкамлаш ва номарказлаштириш асосида ҳудудларни комплекс ривожлантиришни барқарор молиялаштириш, бюджетлараро муносабатларни янада такомиллаштириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий эркинлигини кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, янги иш жойлари яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш ҳисобига солиқ салоҳиятини кенгайтириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширишда уларнинг масъулиятини оширишни таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Қуйидагилар маҳаллий бюджетлар даражасида солиқ-бюджет сиёсатининг устувор вазифалари этиб белгиланмоқда:
1. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг аниқ турларини уларга бириктириб қўйиш орқали маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини тубдан мустаҳкамлаш;
2. Вилоятлар, шаҳар ва туман бюджетларини субвенциядан чиқариш, уларнинг юқори турувчи бюджетлар ажратмаларига бўлган қарамлигини босқичма-босқич қисқартириш, бунинг асосида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари эркинлиги ва масъулиятини ошириш;
3. Маҳаллий бюджетларнинг даромадларини ошириш учун тизимли асосда қўшимча резервларни аниқлаб бориш;
4. Депутатлик ва жамоат назоратини кенг жалб қилган ҳолда, маҳаллий бюджетларни шакллантиришнинг шаффофлигини ва унинг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;
5. Маҳаллий бюджетлар даромадлар базасини мустаҳкамлаш ҳамда харажатларининг тасдиқланган параметрларини ўз вақтида, мақсадли молиялаштириш, ижтимоий соҳа объектлари ва инфратузилмани янада ривожлантириш ва тегишли даражада сақлаб туришни таъминлаш устидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, молия ва солиқ органларининг жавобгарлигини кучайтириш.
Янги ўрнатилаётган тартибга кўра, даромадлар манбалари ва харажатлар турлари кесимида, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва республика туманларининг (шаҳарларининг) маҳаллий бюджетлари параметрлари, шунингдек, маҳаллий бюджетларнинг даромадларини ошириш резервларини аниқлаш бўйича ҳисоб-китоб кўрсаткичлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва республика туманлари (шаҳарлари) халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида йил чораклари кесимида атрофлича кўриб чиқилади ва тасдиқланади.
















