Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани 13 мавзедаги 23-уйда йўлак деразаларининг ромлари ўрнатилмагани боис аҳоли изғирин совуқдан ва иситиш тизимининг яхши ишламаслигидан азият чекмоқда. Бу ҳақида Кun.uz мухбирига 23-уйдаги хонадонларнинг бирида яшовчи Наргиза Қосимова маълум қилди.
Вазиятни ўрганиш ва аҳолининг эътирозини тинглаш мақсадида Кun.uz фотомухбири турар-жойга ташриф буюрди.

«Биз бу муаммони ҳал қилиш учун кимга мурожаат қилиш кераклигини сўраганимизда, Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари «Ҳаммаси жойида, шарт эмас, ҳал қиламиз», деб кўнглимизни пуч ёнғоққа тўлдиради. Ёзда барча уйга янги акфа ромлари ўрнатилди. Фақат бизнинг уйга ромлар ўрнатилмади. Ҳозир эса қаҳратон қишда ромдан эсаётган совуқ шамол бизнинг саломатлигимизга ўз таъсирини ўтказмоқда», дейди нафақахўр Саида Раҳимова.

Шу ўринда савол туғилади. Наҳотки, аҳоли шу вақтгача маҳалла оқсоқоли ёки уй-жой коммунал хизматлари вакилига мурожаат қилмаган?
«Албатта, мурожаат қилдик. Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раисининг айтишича, қолган ромларни ўрнатишга банкда етарли пул қолмаган эмиш. Лекин атрофимиздаги ҳамма уйга янги ромлар қўйилиб, айнан бизнинг бино қолиб кетгани жуда ҳам ғалати ҳолат. Очиғини айтсак, биз гапиравериб чарчадик. Ҳозир нафақахўрмиз. Коммунал хизматлари учун тўловни ҳар ой ўз вақтида топширамиз. Лекин нима учун уйимда совуқдан музлаб ўтираман-у, иссиқлик учун коммунал тўловни тўлашим керак? Наҳотки, бу адолатдан бўлса?», дейди 23-уйнинг яна бир истиқоматчиси Вера Довенько.

Биз мазкур масалага янада ойдинлик киритиш мақсадида Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раисининг хонадонига ташриф буюрдик. Юнусобод тумани 13-мавзенинг ЖЭК раиси Ҳожинисо Турсунова бизнинг мурожаатимизга қуйидагича жавоб берди:
«Шартнома асосида уйларга 108та ром ажратилган. Шу ромлардан 54таси ўрнатилган, қолгани эса ўрнатилмади. Сабаби, қурилиш учун бириктирилган пудратчи Ғулом исмли йигит йўқолиб қолди. Кейин эса кредит олинган банкка мурожаат қилдим. Банк таъсисчиларига пудратчини топиб беришларини сўраб, илтимос қилдим. Сўнгра Юнусобод тумани прокуротурасига ариза ёздим. Ҳозир прокуратура пудратчини ва унинг таъсисчисини қидирмоқда. Умид қиламанки, тез орада бу муаммо ўз ечимини топади».















