Ўзбекистон | 15:25 / 29.01.2018
17396
2 дақиқада ўқилади

Генерал-майор Абдулла Қўлдошев хорижий делегациялар билан учрашди

Фото: ИИВ

ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институтига жорий йилнинг 23 январь куни Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси консули Ким Ёнг Хён, 24 январда эса Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчисининг маслаҳатчиси Суда Асуши бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Бу ҳақда ИИВ сайтида хабар берилган.

Институт бошлиғи, генерал-майор А.Қўлдошев меҳмонларни таълим муассасасининг бугунги кундаги фаолияти ҳамда Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништирди. Мулоқот чоғида Корея Республикаси ва Япониянинг ёнғин хавфсизлиги йўналишида мутахассис кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот институтлари билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш ва тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувларда томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича келишиб олишди. Шунингдек, ИИВ Ёнғин хавфсизлиги институти Корея Республикаси Маъмурий бошқарув ва хавфсизлик вазирлигининг Ёнғин хизмати миллий Академияси ҳамда Япония Ёнғин ва фавқулодда ҳолатлар агентлиги Токио Ёнғин хизмати агентлиги Академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Меморандум лойиҳаси ҳам тақдим этилди.

Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашишга доир бошқа долзарб масалаларни ҳам муҳокама қилишди.

Мавзуга оид