Ёдингизда бўлса, ўтган йилнинг ноябрь ойида Наманган вилояти, Чортоқ туманида фаолият олиб бораётган  “Шерзод наслдор чорвадор” чорвачилик фермер хўжалиги  томонидан қилинган мурожаат бўйича сайтимизда “Чортоқ тумани ҳокимига чорвачилик бегона соҳами?” номли таҳлилий-танқидий мақола берилган эди. Унда, ёш тадбиркор фермер Шерзодбек Камаловнинг 100 бош наслли қорамолига ем-озуқа базасини яратиш учун берилган экин майдони олиб қўйилгани ёритилганди.

Мазкур мақола ижтимоий тармоқ ва кенг жамоатчилик ўртасида ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Орадан уч ой ўтиб, мақоладан сўнг чорвачилик фермер хўжалиги билан боғлиқ муаммо қандай ҳал бўлгани билан танишиш мақсадида Чортоқ туманига яна йўл олдик.

Туман ҳокимлигининг қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси мутасаддилари ва бошқа масъул шахслар “Шерзод наслдор чорвадор” хўжалиги билан боғлиқ ҳолат бўйича олиб борилаётган ишлар билан таништиришди.

Мақола эълон қилинганидан сўнг, Наманган вилояти ҳокимлиги топшириғи билан туман ҳокимлиги томонидан соҳага алоқадор бир қатор ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган ва муаммоли ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилган. 

Ишчи гуруҳ “Шерзод наслдор чорвадор” хўжалигидаги мавжуд қорамоллар бошини ҳисобга олган ҳолда, меъёрий ҳужжатларга асосланиб, хўжаликка ем-озуқа етиштириш учун 12 гектар ер майдони ажратиш бўйича туман ҳокимига ўз  хулосасини берган.

Ҳокимлик мутасаддилари чорвадор фермерга ер майдони ажратилиши масаласи туман халқ депутатлари Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига қўйилганини билдиришди.