WSB сериясига кирувчи жангларда иштирок этаётган «Uzbek Tigers» жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев «Cuba Domadores»га қарши жанг олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
— Кубаликларга қарши энг кучли боксчиларимизни тайёрлаганмиз. Уларда бўлгани каби бизда ҳам олимпиада чемпионлари, жаҳон чемпионати совриндорлари бор.
Жангнинг Термиздан Тошкентга кўчирилиши таъсир қилди деб ўйламайман. Чунки таркибимизда жуда ҳам тажрибали боксчилар бор. Булар оддий боксчилар эмас, олимпиада чемпионлари, жаҳон чемпионати совриндорлари саналишади. Биз ҳар қандай шароитга тайёр бўлишимиз керак. Тошкентда бўладими, Термизда бўладими, умуман, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудида бўлишидан қатъи назар биз жангга тайёр ҳолатда бўламиз. Биз жангга чиқамиз, шунга тайёрланамиз, рақибни ўрганамиз. Рингга чиқиб ютиш энг асосий мақсадимиз. Жанг ташкилотчилиги билан эса раҳбарият шуғулланади. Улар қаерда жанг ўтказишимиз кераклигини айтишса, ўша ерда рингга чиқамиз. Фақат бокс ва ундаги ғалаба ҳақида ўйлаймиз.
Шу кунгача ҳам жангларимизни Тошкентда ўтказганмиз. Бу жанглар ҳам худди олдингиларидек, мухлисларга ёқадиган бўлиши учун ҳаракат қиламиз. Ўйлайманки, бу ишни уддасидан чиқишга имкониятимиз етарли.
— Жамоанинг бу мавсумда олдига қандай вазифа қўйилган?
— Биз ҳар бир мусобақада олдимизга катта мақсадларни қўйиб чиқамиз. Ҳозиргача ўзбек боксида қўлга киритмаган кам сонли ютуқлардан бири бу WSB кубоги саналади. Ҳозиргача бу совринни ютмаганмиз. Шунинг учун ҳам айнан мана шу кубокни қўлга киритишни мақсад қилганмиз. Бокс федерацияси раҳбарияти ҳам бош совринни ютишимизни истайди ва олдимизга айнан шу вазифа қўйилган. Уч мавсумдан буён фақат бош совринни кўзлаб рингга чиққанмиз. Бу сафар ҳаммаси бошқача бўлади ва худо хоҳласа бош совринни қўлга киритамиз. Бизни ҳар тарафдан қўллаб-қувватлашмоқда. Олдинги матбуот анжуманларида Миллий олимпия қўмитасидан вакиллар бўлмасди. Мана бугун улар ҳам бизни қўллаб-қувватлаш учун ташриф буюришган. Барча биз бу мусобақада ютишимизни истамоқда.
Умуман, спортга алоқадор ҳар бир киши, керак бўлса журналистлар ҳам «Uzbek Tigers» учун барчаси яхши бўлишини истаб ҳаракат қилаётганини кўриб турибмиз. Уларнинг қўллаб-қувватлашларини ҳис қилмоқдамиз. Шунинг учун ҳам биз ғалаба қозониш учун қўлимиздан келган барча ишни амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Омад биз тарафда бўлиб, мақсадимизга етишамиз, деб умид қиламан.
— Мусобақалар олдидан жамоанинг руҳий тайёргарлиги муҳим саналади. Жанглар олдидан бош мураббий сифатида сиз ҳам бу жангга руҳий жиҳатдан тайёрмисиз?
— Жамоани фақат мен тайёрлаганим йўқ. Бизда катта бир жамоа — мураббийлар штаби ишламоқда. Улар билан биргаликда жамоани ҳар тарафлама, ҳам руҳий, ҳам жисмонан тайёрлашга ҳаракат қилдик. Менинг руҳий тайёргарлигимга келадиган бўлсак, ҳа, боксда мураббийнинг руҳан тайёр бўлиши ҳам жуда муҳим. Мураббий қандай ҳолатда бўлса, бу ҳолат боксчиларга ҳам юқади. Кўриб турганингиздек ўта жангавор ҳолатдаман ва ҳар қандай вақтда жангларга йигитларни олиб чиқишга шайман».















