Давлат эски ГЭСларни консервацияланишдан халос этиб, янгисини қуриш билан овора бўлиб турган бир пайтда, Ўзбекистоннинг оддий аҳолиси электр энергиясини ўзлари олишга ҳаракат қилиб келишмоқда. Бунда сувнинг кинетик энергиясидан электр ишлаб чиқарувчи ва кичик (100 кВт.гача) қувватга эга микро ГЭСлар ёрдамга келмоқда.

«Очиқ Осиё онлайн» мухбири Наманган инженерлик-технология институти тадқиқотчиси, бугунги кунда Наманган вилоятининг Косонсой шаҳридаги кичик сув оқимларига тажриба тариқасида микрогидроэлектр станциялари ўрнатиб келаётган Зулфия Мамадалиева билан суҳбатлашди.

Айнан мана шу тиним билмас, нозик аёл ўз она шаҳрини бепул энергия билан таъминлаш ҳақида биринчилардан бўлиб бош қотира бошлади.

Фото: The Open Asia 

— Айтинг-чи, Ўзбекистонда кам ўрганилган ва деярли ўзлаштирилмаган мавзу билан шуғулланишингизга нима туртки бўлди?

— Ўз илмий ишим доирасида ва Наманган вилоятидаги ишбилармонлар ва фермерлар билан ишлаганимда улар муқобил энергия манбалари ҳақида мутлақо тушунчага эга эмасликларига дуч кела бошладим. Улар бунда фақат қуёш қурилмаларини тушунишар экан. Лекин қуёш энергетикасидан ташқари ҳам бошқа кўплаб, самарали усуллар ҳам бор-ку? Микрогидроэлектр станциялар борасидаги тадқиқотларим ана шундай бошланди. Аввалига мен ўзим учун қайдлар қилиб бордим, кейин туманимизни тўлиқ тадқиқ қила бошладим — яъни, фермер хўжаликларининг эҳтиёжларини қондира оладиган, энергия таъминоти ўрнини боса оладиган микроГЭСлар барпо этиш учун истиқболли жойларни топиш мақсадида.

— Микро гидро электр станцияларининг афзаллиги нимада?

— Биринчидан, уларнинг асосий плюси — ўз нархи билан тадбикорлар учун жозибадор. Ахир бугун нарх-наво масаласи ўта муҳим. Биз тажриба тариқасида ўрнатган қурилма у қадар қиммат эмас. Балким у бироз бесўнақай кўринар, аслида уни ўрнатиш, ечиш, бирор жойга кўчириб ўтказиш жуда осон. Агар сув оқими ўзгарса, сиз уни бемалол бошқа жойга кўчириб, созлашингиз мумкин. Шундай қилиб, сиз катта маблағ ҳам, меҳнат ресурслари ҳам сарфламайсиз.