Технология | 10:55 / 10.03.2018
15606
2 дақиқада ўқилади

Улар энди биздан ақллироқ: робот Рубик кубигини 0,38 сонияда йиға олди (видео)

АҚШнинг Массачусетс технологик институти талабаси Бен Кац дастурчи Жеред Ди Карло билан ҳамкорликда яратган робот Рубик кубигини 0,38 сонияда йиға олди ва бу рекорд натижа бўлди.

Аввалги жаҳон рекорди 0,637 сонияни ташкил қилган ва немис Альберт Бер томонидан яратилган Sub1 Reloaded роботига тегишли бўлган.

Робот ихтирочилари унинг бундай ҳайратланарли натижа қайд қилганини роботни яратишда “энг яхши двигателлар” қўллангани билан тушунтиришмоқда. Робот бошқотирмани ҳал қилиш учун камера томондан олинган маълумотларни қабул қилиб, уларни юришлар кетма-кетлигига айлантирувчи махсус алгоритмни қўллайди.

“Биз Amazon’да топиш мумкин бўлган энг арзон кубикдан фойдаландик, чунки охир-оқибат натижага эришиш учун бундай кубиклардан кўпини йўқ қиламиз, деб ўйлагандик. Бироқ ҳаммаси 4 та кубик ва юзлаб ечимлар билан ҳал бўлди”, деб айтган Ди Карло.

Таъкидлаш жоизки, тизим дастлаб қизил ва зарғалдоқ ранг ўртасидаги фарқни ажрата олмаган, шу сабабли ихтирочилар зарғалдоқ рангли бўлакларни қора рангга бўяб чиқишган.

Инсонлар орасида ушбу бошқотирмани ҳал қилиш бўйича жаҳон рекорди америкалик ўсмир Патрик Понсга тегишли. Ўсмир 15 ёшида 2017 йилда Виржинияда ўтган мусобақада бошқотирмани 4,69 сонияда ҳал қила олган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид