KUN.UZ таҳририятига Хоразм вилояти, Шовот тумани, Чиғатойқалъа қишлоғи, «Гулистон» маҳалласида истиқомат қилувчи бир гуруҳ меҳнат фахрийлари, фермерлар, нафақахўр онахонлардан мурожаат тушди.

Улар қишлоқдаги ижтимоий муаммолар бўйича шикоят қилишди. Хатда болалар боғчаси ишламаётгани, унинг аянчли ҳолатда экани, маҳаллада кутубхона тугатиб юборилгани, ичимлик суви тармоғи йўқлиги, қишлоқ врачлик пунктига эга эмаслиги, гузар тугул, ҳатто сартарошхона йўқлиги, масжид мавжуд бўлишига қарамай, унда ибодат қилишга рухсат берилмагани кўрсатилган.

Вазиятни ўрганиш учун Шовот тумани, Чиғатойқалъа қишлоғининг «Гулистон» маҳалласига ташриф буюрдик. У ерда меҳнат фахрийлари Матчонов Жуманазар, Қаландаров Шермат, Бойжонов Бектурди, Аҳмедов Худоёр ва бошқа фуқаролар билан учрашдик.

Шовот тумани, Чиғатойқалъа қишлоғи

Чиғатойқалъа қишлоғининг «Гулистон» маҳалласи Шовот тумани марказидан 7 км узоқликда жойлашган. Унда 600дан зиёд хонадон мавжуд.

Фуқароларнинг сўзларига кўра, мустақилликка эришилганидан сўнг, маҳаллада бирорта маданий, ижтимоий-иқтисодий объект қурилмаган. Мавжуд бўлганлари эса тугатилиб, мулки талон-торож қилиб юборилган.

Вайронага айланаётган «Орзу» мактабгача таълим муассасаси

1985 йилда «Меҳнатобод» жамоа хўжалиги маблағлари ҳисобига маҳаллада «Орзу» мактабгача таълим муассасаси барпо қилинган. Унда шу маҳалла болалари таълим-тарбия олган, саводини чиқарган.

Маҳалла аҳолисининг айтишича, 2015 йилда боғча капитал таъмирлаш баҳонасида ёпилган, аммо ҳозирги кунгача ҳеч қандай таъмирлаш ишлари бажарилмаган ва қаровсиз аҳволда, ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Уни тугатиб юбориш ҳақида бирор қарор мавжуд эмас, аммо боғча мулки (яъни давлат мулки) талон-торож қилиб юборилган.

«Орзу» болалар боғчаси 2015 йилда таъмирлаш учун ёпилган. Шундан бери фаолият кўрсатмайди
Боғчанинг иситиш мосламалари, трубалари, батареялари талон-торож қилинган