2018 йил 23 март куни Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида шу йил 9 февраль куни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Президент девони, Дин ишлари бўйича қўмита, Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академиясининг раҳбар ходимлари, ёзувчи-олимлар, профессор-ўқитувчилар, уламолар, имом-хатиблар, талаба-ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди. 

Фото: Kun.uz

Тадбир Қуръони Карим тиловатидан сўнг, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган фильмнинг намойиши билан бошланди. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов тадбирда сўзга чиқиб, Шайх ҳазратлари Ислом дини ривожи йўлида бор куч-қувватларини сарфлагани, 1990 йилда Марказий Осиё республикаларидан беш юз кишини Тошкент шаҳри орқали ҳаж зиёратига олиб боргани, шу кунгача Шайх ҳазратнинг 120 дан зиёд номдаги диний-маърифий китоблари нашр этилгани ҳамда у киши асос солган “Ҳилол нашр” нашриёти ва унинг тизимидаги китоб дўконлари Ўзбекистондаги мўмин-мусулмонларнинг диний таълим олишдаги энг зарур эҳтиёжларини таъминлаб келаётганини билдирди.

Фото: Kun.uz

Жорий йилнинг 9 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри Чилонзор туманига ташрифлари асносида ушбу ҳудудда барпо этилаётган масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номини бериш ташаббуси нафақат ўзбекистонликлар, балки хорижий давлатлардаги мусулмонларни ҳам хурсанд қилгани таъкидланди. Мазкур масжид  бунёд қилиниб, унинг ёнида Ҳазратнинг музейи ташкил этилади. Масжид ёнида анжуманлар зали барпо этилади. Мажмуанинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан уламолар, олимлар ва дин арбобларини жамлаб, халқаро анжуман ўтказиш режалаштирилган. 

Фото: Kun.uz

“Аллоҳ Таоло ўз Каломида "Ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”, деб марҳамат қилганидек, оғир машаққатли кунлар ортидан, албатта ойдин ва ёруғ кунлар бўй кўрсатади. Яратганга шукрки, Шайх ҳазратларининг фаолиятлари ва ижодларига юксак эътибор бериладиган кунлар ҳам келди. Бугун биз ёдга олиб турган устозимиз юксак одоб-ахлоқ, гўзал хулқ соҳиблари эди”, - деди Муфтий ҳазратлари.